Ички ишлар идораларига ишга қабул қилиш

admin | 16-01-2017 | 853

Ўзбекистон Республикаси "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонунинг 26-моддасига асосан Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиш қуйидагича:
Ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, тегишли маълумотга эга бўлган, ўзининг шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ички ишлар органларидаги хизматга ихтиёрий тартибда, танлов асосида қабул қилинади.
Зарур бўлган ҳолларда, ички ишлар органларининг айрим бўлинмалари ва ташкилотларига хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилиниши мумкин.
Ички ишлар органларининг ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилинадиган айрим бўлинмалари, ташкилотлари ва лавозимларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.
Эркаклар ички ишлар органларидаги хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак.
Алоҳида ҳолларда, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ходимлар ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиниши мумкин.
Сиёсий партияларнинг аъзолари бўлган, ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган фуқаролар хизматни ўташ даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб туради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тегишли маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек ички ишлар органларининг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларида чет эл фуқаролари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўқиши мумкин.
Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқаролар, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, ички ишлар органларида хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган фуқаролар ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиниши мумкин эмас. Ички ишлар органларида хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган шахслар учун дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган ҳарбий хизматга мажбур Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг ҳарбий хизматга чақирилувчи бўлган тингловчилари ва курсантлари ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус ҳисобида туради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари тингловчилари ва курсантлари биринчи босқичдаги ўқув муддатини тугаллаганидан кейин муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланади ва уларга ўқув муассасаси жойлашган ердаги мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бўлим томонидан ҳарбий гувоҳнома берилади.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй