Амакиваччалар қуюшқондан чиқишди

admin | 02-10-2018 | 1120

Амакиваччалар қуюшқондан чиқишди 

Спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш инсонларнинг нафақат саломатлигига, балки уларнинг шаъни, қадр-қимматига ҳам анчагина путур етказишини кундалик ҳаётимизда кўп бора гувоҳи бўлганмиз.

Янгиариқ туманида яшовчи амакиваччалар, 1986 йилда туғилган  Л.Б., 1974 йилда туғилган Л.К., 1993 йилда туғилган Л.О. лар тўғрисида илгари бирон салбий фикр билдирилмаган эди.

Юқорида айтганимиздек, 2018 йил 20 сентябрь куни тушлик пайтида меъёридан ортиқ истеъмол қилинган спиртли ичимликлар амакиваччаларнинг соғлиғига қанчалик путур етказганлиги бизга қоронғи, лекин уларнинг маҳалла-кўй олдида бошлари эгилиб, юзлари шувут бўлиши учун етарли бўлди.

Шу куни спиртли ичимлик таъсирида ўзларини “шер” санаган амакиваччалар, дастлаб Янгиариқ туманидаги умумий овқатланиш шахобчаларидан бирида ҳеч қандай сабабсиз фуқаро С.Ўриновга ўз кучларини кўрсатиб қўймоқчи бўладилар. Шахобча ишчисининг ички ишлар органига берган хабари асосида жанжални олдини олиш учун етиб келган профилактика инспекторини кўрган амакиваччалар баттар тутоқиб кетишди. Улар энди жабрланувчи фуқаро бир чеккада қолиб, профилактика инспекторига ўдағайлашиб, унинг қонуний талабларини бажармаганликлари билан бир қаторда ҳақорат қилиб ҳамда хизмат кийимини хам йиртиб фаол қаршилик кўрсатишди.

“Ўзингни шер билсанг, ўзгани эр бил” деган нақлни унутиб, ўзларини “шер” санаб юрган амакиваччаларнинг зўравонлигига ҳодиса жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи аъзолари томонидан чек қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими 

 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй