Йўл қоидани ёқтиради

admin | 06-10-2018 | 257

Йўл қоидани ёқтиради

Вилоятимиз ҳудудида йўл транспорт ҳодисаларини олдини олишга қаратилган турли профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумтаълим мактабларига яқин масофалардан ўтувчи автомобил йўлларидаги “пиёдалар ўтиш йўлакчалари” янгиланди ва бу жойларда хайдовчиларнинг хушёрлигини ошириш мақсадида ҳар куни эрталаб ички ишлар ходимлари хизмат олиб бормоқдалар. Шу билан биргаликда оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот тавшиқот ишлари узлуксиз амалга оширилмоқда.

Урганч шаҳрининг марказий кўчаларидаги чорраҳаларга ўрнатилган кузатув камералари орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортишнинг йўлга қўйилганлиги натижасида ушбу чорраҳаларда йўл транспорт ҳодисалари содир этилишининг кескин камайишига эришилди.

Шундай бўлсада,  туманларни ўзаро боғловчи автомобил йўлларида турли даражадаги йўл транспорт ҳодисаларининг содир этилиши хали ҳануз давом этмоқда.

2018 йил 3 октябрь куни вилоятимиз ҳудудида содир этилган 2 та йўл транспорт ҳодисаси натижасида 2 нафар инсон турли даражада тан жароҳати олди.

Яъни шу куни соат 00:50ларда Шовот тумани ҳудудидан ўтган “Қўшкўпир-Шовот” автомобил йўлининг 71-километрида Тико русумли автомашинани бошқариб бораётган, 1982 йилда туғилган, Шовот туманида яшовчи, Қ.Ж. ўзи билан бир йўналишда  ҳаракатланиб бораётган  эшак араванинг ортидан уриб юбориши натижасида, аравада бўлган, 1994 йилда туғилган М.М. тан жароҳати олиб, шифохонага  ётқизилган.

Бундан ташқари шу куни соат 17:30ларда “Урганч-Гурлан” автомобил йўлининг Гурлан тумани ҳудудидан ўтган 23-километрида Нексия русумли таксини бошқариб бораётган, 1972 йилда туғилган, Ш.Р. ўзига қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келиб, орқага қайрилиб олмоқчи бўлган, 1982 йилда туғилган, Қ.Х. бошқарувидаги Дамас автомашинаси билан тўқнашган. Ачинарлиси, ушбу тўқнашув натижасида Дамас ҳайдовчисининг қизи, 7-синф ўқувчиси Севара оғир тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган.

Бугунги кунда мазкур йўл транспорт ҳодисалари юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари, тан жароҳати олган фуқароларни қисқа муддатларда тузалиб кетишлари учун зарур тиббий муолажалар олиб борилмоқда.

Азиз юртдошлар, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилайлик! Зеро йўл қоидаси - умр фойдаси эканлиги унутманг.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй