Киссавур жиноят устида ушланди

admin | 23-10-2018 | 486

Киссавур жиноят устида ушланди Бугунги кунда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда жамоатчиликнинг бевосита иштироки ва дахлдорлиги жуда катта ижобий самара бериши тўғрисида такрор ва такрор таъкидлаб келинмоқда. Урганч шаҳрида содир бўлган қуйидаги жиноятни фош этишда ҳам айнан жамоатчиликнинг иштирокини алоҳида таъкидлаб ўтишни жоиз топдик. Бойлик орттиришнинг осон ва ноқонуний йўлини танлаган, Урганч шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган Х.М. 2018 йилнинг 21 октябрь куни эрталаб, Урганч шаҳридаги 1-сонли йўналиш бўйича ҳаракатланувчи автобусга чиқди. У ушбу йўналишда ҳаракатланувчи автобусни бежиз танламаганди, чунки ушбу автобус йўловчилари асосан Урганч туманида яшовчи фуқаролар бўлиб, “қахрамонимиз” уларнинг содда ва ишонувчан эканлигини яхши биларди. Дастлаб унинг режаси ўзи ўйлаганидан ҳам енгил кўчаётгандек туюлганди, чунки у автобусда паришонхотир кетаётган, онаси тенги йўловчи, 1960 йилда туғилган, нафақаҳўр С.Матризаева ва унинг чўнтагидаги нархи 1 200 000 сўм бўлган уяли телефон аппаратини аллақачон “нишонга” олиб улгурган эди. Ўзганинг чўнтагидан уяли телефон аппаратини ўмармоқчи бўлган ушбу киссавурнинг қилмиши эса унинг беъжо хатти-ҳаракатларини кузатиб бораётган автобуснинг бошқа йўловчилари томонидан фош этилди ва у жиноят устида ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй