admin | 25-11-2018 | 1340
Яна бир ноқонуний савдонинг олди олинди
Кейинги кунларда мамлакатимизнинг қайсидир ҳудудида таркибида
психотроп моддаларни сақловчи турли таблеткаларни қонунга хилоф равишда сотишга
уриниш ҳолатлари қайд этилаётгани тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали
хабарлар берилмоқда. Бу бежизга эмас албатта, ушбу хабарларни аҳолига
етказишдан мақсад аввало психотроп моддаларнинг инсон саломатлигига салбий
таъсирини тушунтириш бўлса, қолаверса қонунга хилоф ҳисобланган ушбу фаолият
билан шуғулланиб, шахсий бойлик орттиришни кўзлаган шахсларни ўз нафсини тийишга
ундашдир.
Психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ
ҳолатларни аниқлаш юзасидан Урганч шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини
мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан 2018 йил 30 октябрь куни ўтказилган
навбатдаги тезкор тадбир жараёнида, таркибида психотроп моддаларни сақловчи 200
дона “Трамадол” таблеткаларини ўз уйида қонунга
хилоф равишда 525 000 сўмга сотаётган, Урганч шаҳрида яшовчи, 1983 йилда
туғилган, Ж.О.нинг қилмишлари фош этилиб, жиноят устида ашёвий далиллар билан
қўлга олинди. Ана шу турдаги таблеткалардан яна 3 800 донасини келгусида
сотиш мақсадини кўзлаб сақлаб қўйганлиги унинг уйида ўтказилган тинтув
жараёнида аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят
Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари
олиб борилмоқда.
подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими
Янгиликлар