Қорамолингизни қаровсиз қолдирманг!

admin | 10-12-2018 | 1272

Қорамолингизни қаровсиз қолдирманг!

 

Қорамол ўғирлиги билан боғлиқ жиноятларнинг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитларини ўрганадиган бўлсангиз, уларнинг деярли барчасида қорамоллар уларнинг эгалари томонидан аҳоли яшаш ҳудудларидан олисда қаровсиз қолдирилганлигини гувоҳи бўласиз.

Ички ишлар ходимлари тунги пайтларда хизмат олиб бориш жараёнида бу каби бамайлихотир фуқароларни огоҳлик ва хушёрликка чақириб, қорамолларни молхоналарда сақлашга ундашади. Кўпчилик бу профилактик тадбирларни тўғри қабул қилиб, шунга риоя қилишса, айрим фуқароларга бу каби огохлантиришлар эриш туюлади.

Ушбу профилактик чора-тадбирлар натижасида қорамол ва бошқа турдаги уй ҳайвонларини ўғирлаш билан боғлиқ жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига эришилган бўлсада, айрим фуқароларнинг бу борадаги лоқайдликлари ўзганинг ҳақидан хазар қилмайдиган шахслар учун қўл келмоқда.

Урганч туманининг Чандирқиёт қишлоғида яшовчи, Р.С. исмли фуқаро 2018 йилнинг 4 декабрь кунига ўтар кечаси, ўзининг бир бош, бозорда сотилиш нархи 6 000 000 сўмлик қорамолини шу қишлоқдаги фермер хўжалигининг дала майдонида қаровсиз қолдирганлиги, илгари бир неча бор ўғирлик жинояти учун судланган, қисқача айтадиган бўлсак, ўғирликнинг ҳадисини олган, 1986 йилда туғилган ҳамқишлоғи Н.Ғ. учун “айни муддао” бўлди.

Ярим кечада ўзгага тегишли қорамолни ҳеч нарсадан тап тортмасдан етаклаб кетган Н.Ғ. эртаси куни уни Урганч шаҳрида арзон-гаров 2 500 000 сўмга пуллаб юборади.

Фуқаровий даъвогарнинг мурожаати асосида ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида орадан тўрт кун ўтгач жиноят фош этилди ва қорамол эгасига қайтарилди.

Мазкур ҳолат юзасидан қорамол ўғирлигига қўл урган ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми (Ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ўзи эхтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Қорамоли топилиб, молхонасига қайтарилгунга қадар унинг эгаси лоқайдлиги эвазига не-не кўнгилхираликларни бошидан кечирганлиги барчамизга аён, чунки  “мол аччиғи – жон аччиғи” дейишади.

Шу ўринда сўраб-суриштирмасдан арзон-гаров қорамолни сотиб олиб, “савдоимни баракасини берди” дейдиган фуқароларнинг ҳам қилмишларини тўғри деб бўлмаса керак.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй