Босқинчиларнинг йўли тўсилди

admin | 11-12-2018 | 2815

Босқинчиларнинг йўли тўсилди

Босқинчилик жинояти: ушбу турдаги жиноят шу жиҳати билан хавфлики, унда жиноятчи ўзганинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, унинг  мол-мулкини талон-тарож қилиш мақсадида ҳужум қилади. Ёки қисқача таърифлайдиган бўлсак босқинчилик жиноятига қўл урган шахс бойлик илинжида ҳар қандай разилликдан қайтмайди.

1984 йилда Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида туғилган, лекин анча йиллардан буён Тошкент шаҳрида яшаб келаётган, В.А. 2018 йилнинг ноябрь ойи охирларида туғилиб ўсган қишлоғига келади. Афсуски ушбу сафардан унинг мақсади, қишлоқдошлари билан дийдорлашиш, қишлоғидаги ўзгариш ва янгиланишларни кўриб завқ олиш эмас эди. Чунки у ўзи билан газ тўппончаси, электрошокер мосламаси, фонар, скоч, арқон шунингдек иккита қора ниқоб ва қўлқоп олиб келганди. Мақсад эса ягона, тумандаги ўзига тўқ хонадонларнинг бирига ярим тунда бостириб кириб, хонадон эгаларига тегишли бойликни босқинчилик йўли билан қўлга киритиш эди. Ўзига бу борада шерик излади, чунки у Ҳазорасп туманида яшовчи фуқароларнинг қайси бирини уйида бойлиги борлигию, босқинчилик пайтида қандай даражада қаршилик кўрсатилишини билмас эди. Бу борада унга Ҳазорасплик 1975 йилда туғилган Б.Ў. ва  1993 йилда туғилган Қ.М. лар  “шериклик” қиладиган бўлишди.

Босқинчиларнинг “нишонига” Ҳазорасп туманида яшаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган фуқаронинг хонадони тушди. Чунки ушбу хонадонда улар кўзлаган маблағ бор бўлиши мумкинлиги билан биргаликда, уйда фақат аёллар яшашлиги жиноий гуруҳ аъзоларига маъқул келганди.

2018 йилнинг 10 декабрь кунига ўтар кечаси, соат 02:30ларда юқоридаги совуқ қуроллар билан қуролланиб, юзларига ниқоб тақиб олган ушбу шахслар режадаги хонадонга киришга уринган пайтларида ички ишлар органларининг тезкор ходимлари томонидан қўлга олиндилар.

Ана шу тариқа Ҳазорасп туманида содир этилиши аниқ бўлган бир мудҳиш жиноятнинг олди олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди, гумондорлар эхтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй