Қайнона-келин келишмовчилигининг оқибати

admin | 27-06-2017 | 18843

Қайнона-келин келишмовчилигининг оқибати

Қайнона-келин тушунчаси миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизнинг узвий қисми бўлиб, у  асрлар давомида шаклланиб, ривожланиб келмоқда. Ҳар қандай ўзбек қизи келажакда келин бўлиб, қайнонаси билан она-бола каби чиқишиб, аҳил-иноқ бўлиб яшашни  ва ўзи ҳам  қайнона бўлишни ҳавас қилади.

Лекин, аҳён-аҳёнда бўлсада, қайнона-келин ўртасида ўзаро келишмовчиликлар бўлиб ўтганлиги қулоғимизга чалиниб қолади. Ушбу келишмовчилар аксарият ҳолларда маҳаллаларда фаолият юритаётган “Яраштириш комиссияси” аралашуви билан барҳам топиб, ижобий ҳал қилинади.

Аммо Боғот туманида қайнона-келин ўртасида келишмовчилик охир оқибат ўлим билан якунланди.

Боғот туманида яшаган, 1935 йилда туғилган Ш.Норметова 2017 йил 26 июнь куни ўз уйида вафот қилганлиги тўғрисида Боғот тумани марказий шифохонасидан туман ИИБга келиб тушган хабарга асосан, ўтказилган суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра Ш.Норметованинг ўлимига “кўкрак қафасининг жароҳати, ички қон кетиши” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари натижасида, Ш.Норметова 25 июнь куни кечки пайтда уйида келини, 1977 йилда туғилган М.А. билан жанжаллашганлиги, қайнона келинини ёғоч ҳасса билан уришга ҳаракат қилганида, келин қайнонасини йиқитиб, уриб тан жароҳати етказган.

Ухлаш учун ўз хонасига кириб кетган қайнонасини эрталаб ўлик ҳолда кўрган келин, бу ҳақда яқин қариндошлари ва шифохонага ҳабар берганлиги маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, келин эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

 

   Майор З.Исмаилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй