Суд ҳокимияти нуфузини оширишдан кўзланган мақсад

admin | 15-12-2018 | 604

СУД ҲОКИМИЯТИ НУФУЗИНИ ОШИРИШ – ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ

 

 

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади - инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, судларнинг чинакамига мустақиллигини таъминлаш, демократик, инсонпарвар ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини кучайтиришдан иборатдир. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Амалдаги қонунчилигимизда одил судлов соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш функциясини амалга оширишда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик муҳим аҳамият касб этади. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга аниқ белгиланган маъмурий чекловларни қўллаш орқали қатъий тартиб-таомилларни жорий этиш асносида одил судловнинг амалга оширилишига эришилади.

Одил судловнинг моҳиятини амалдаги қонунчилик асосида изоҳлайдиган бўлсак, Жиноят процессуал кодексининг 455-моддасида ҳукмнинг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шартлиги кўрсатилган. Шу билан бирга амалдаги Жиноят кодексида белгиланган «одиллик», «айб учун жавобгарлик», «жавобгарликнинг муқаррарлиги» каби принципларни инобатга оладиган ҳамда содир этилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси ушбу мезонлар доирасида танланадиган бўлса, жазодан кўзланган натижага, яъни шахсни тарбиялашга эришилмасдан қолмайди.

Мамлакатимиз жиноят қонунчилигида ҳам, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда ҳам жазодан мақсад энг аввало, шахсни тарбиялаш экан, демак, бунга айнан одил судловнинг халқаро ва миллий стандартларига тўла риоя қилиш билангина эришилади. Бу эса, ўз ўзидан нафақат ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни тарбиялаш, балки уни кўриб, эшитиб турган шахсларни, керак бўлса, бунга гувоҳ бўлган бошқа шахсларнинг ҳам тарбияланишига туртки бериш асносида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олди олинишига замин яратилади.

Айни пайтда бундай фаолият ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалда таъмин этишда энг самарали воситаси ҳисобланади. Бинобарин, 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифаларидан бири сифатида - шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш назарда тутилган. Шубҳасиз, ушбу вазифаларнинг бажарилиши жамиятда барқарорликнинг таъминланишига кўмаклашади.

Шунингдек, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасида «Судга ҳурматсизлик қилиш» - деб номланган махсус норма мавжуд. Ушбу ҳуқуқбузарлик объектив томондан - гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки мазкур шахслар ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси пайтида тартибни бузишда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизлик қилишдаги ҳаракатларида ифодаланади.

Амалиёт шуни кўрсатадики, жиноят ишлари бўйича суд процесси иштирокчилари сифатида гувоҳ ва жабрланувчилар (баъзан ҳатто процесснинг бошқа иштирокчилари ҳам)  суднинг чақирувига нисбатан эътиборсиз қарайдилар ва процессга узрсиз сабаблар билан келмайдилар. Оқибатда кўрилаётган иш бир, икки ва ҳатто уч мартагача ҳам кейинга қолдирилаверади.

Суд ҳокимиятининг нуфузи мазкур органлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларнинг ижро кучига боғлиқдир. Шу жиҳатдан олиб қараганда, шахс ҳуқуқларини чеклашнинг суд тартибида амалга оширилиши, шунингдек, суд тартибида қўлланиладиган маъмурий жавобгарлик чораларини қўллашга оид ҳар қандай суд қарорининг амалда тўлиқ ижро этилиши биринчи навбатда, ишда иштирок этувчи шахслар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминласа, иккинчи томондан, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш орқали суднинг обрўсини янада оширишга шароит яратади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, одил судловни таъминлаш судьялар фаолиятининг бош мезони, амалдаги қонунларнинг асосини ташкил этади. Бу орқали жамиятда содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан адолатли чоралар қўлланилиши таъминланади, оқибатда ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олди олинишига эришилиши ҳамда бошқа шахсларга нисбатан тарбиявий таъсир кўрсатиш таъминланади.

 

 

Жиноят ишлари бўйича

Хонқа туман судининг раиси

М.Б.Киличев


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй