Қурол ўйинчоқ эмас

admin | 08-01-2019 | 191

Қурол ўйинчоқ эмас

Мамлакатимизда фуқароларга ов қуролларидан фойдаланиш ва уларни сақлашга рухсат этилган бўлиб, шу билан биргаликда қурол эгасига ушбу ов қуролини белгиланган жойда ва сейф(темир шкаф)да сақлаш, ҳамда уни бегона шахсларга бермаслик каби мажбуриятлар юклатилади.

Хонқа туманида яшовчи, 1958 йилда туғилган, Р.Х. ҳам ов ишқибози бўлганлиги сабабли, анча йиллардан бери “ТОЗ” русумли ов қуролига эгалик қилиб келарди. Тўғри ушбу шахс ов қуролини белгиланган тартибда ички ишлар органларидан рўйхатдан ўтказган бўлсада уни сақлашда белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилмаганлиги ўзи учун ортиқча ташвиш келтирди.

Хонқа туманидаги фермер хўжаликларидан бирида ишчи бўлиб ишловчи ушбу шахс 2018 йилнинг 28 декабрь куни ишга отланаётиб, ўзи билан биргаликда ов қуролини ҳам олиб чиқади-ю, уни сақлашда бепарволикка йўл қўйиб, фермер хўжалигининг ёрдамчи хонасида очиқ ҳолда қаровсиз қолдириб, ўз ишлари билан машғул бўлади.

Бахтга қарши ушбу хонага кирган фермер хўжалигининг яна бир ишчиси, 1992 йилда туғилган С.Ж. ов қуролини кўргач, уни яширин равишда ўғирлаб нафақат хонани тарк этади балки шундан кейин мазкур фермер хўжалиги ҳудудида умуман “қорасини” кўрсатмайди.

Дастлаб, ҳамкасби ва ов қуролини ўзи излаб топа олмаган Р.Х. 2019 йил 5 январь куни бу тўғрисида туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилади.

Ов қуроли нафақат турли ҳайвонларни овлаш учун мўлжалланганлиги, балки ёвуз ниятли кимсанинг қўлига тушиб қолгудек бўлса, бошқа оғир оқибатлар келиб чиқиши ҳам мумкинлигини чуқур англаган ички ишлар ходимлари ишга масъулият билан ёндашиб, қурол ва уни қонунга хилоф равишда эгаллаб олган шахсни қидириб топишга киришдилар.

Олиб борилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, “ҳаваскор овчи” 2019 йил 7 январь куни тумандаги бошқа бир фермер хўжалигининг дала шийпонида қўлга олинди. Қонунга хилоф равишда эгаллаб олган ов қуроли ундан ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.      

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 247-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй