Коррупция - тараққиёт тушунчаси

admin | 13-02-2019 | 523

Коррупция тушунчаси, уни олдини олиш ҳамда содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш

 

Коррупция – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, масалан, корхоналарнинг бошқарувчилари ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши; пора пул билан эмас, балки бошқа шаклда берилиши мумкин; коррупцияга доир муносабатларнинг ташаббусчилари баъзан давлат амалдорлари эмас, балки тадбиркорлар ҳисобланади.

“Коррупция” атамаси лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатади.

Шунингдек, бошқа манбаларда “коррупция” тушунчасига “давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон бериши” - деб таъриф берилган.

Яна бошқа адабиётларда эътироф этилишича, “коррупция” атамаси “давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият бўлиб, мансабдор шахслар ўзларига берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойиш мақсадида фойдаланишидан иборат”- деб тарифланган.

Қисқача “коррупция – бу шахсий мақсадларда наф кўриш учун давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилиш” дейиш мумкин.

Коррупция – ҳар қандай давлатнинг сиёсий тузулиши, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасидан қатъи назар, бутун дунёда глобал муаммо ҳисобланади.

Коррупция жамиятни емирувчи оғир иллат бўлиб, у ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожланишга, демократия асосларига ва қонунлар устуворлигига тўсқинлик қилади ва жиддий зарар етказади.

Энг аввало коррупция, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради, эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражасининг пасайишига олиб келади. Коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига ишончини йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида коррупция жиноятлари учун бир қатор моддаларда жавобгарлик белгиланган. Масалан:

1. Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди, яъни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса - энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

2. 175-модда, яъни Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш - саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

3. 1861-моддаси 4-қисми, яъни этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини кўп миқдорда ёки жуда кўп миқдорда қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёхуд муомалага киритишга ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик қилиш - етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

4. 205-модда, яъни ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёки 206-модда, яъни ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш - энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

5. 208-модда, яъни ҳокимият ҳаракатсизлиги - энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

6. 209-модда, яъни мансаб сохтакорлиги - энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

7. 210-модда, яъни пора олиш, 211-модда, яъни пора бериш, 212-модда, яъни пора олиш-беришда воситачилик қилиш - ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

8. 213-модда, яъни хизматчини пора эвазига оғдириб олиш ёки 214-модда, яъни хизматчининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши - беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

Коррупцияга қарши курашда, аввало коррупцияга олиб борувчи сабаб ва муҳитни бартараф қиладиган қонунчилик, маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш амалиётини кенгроқ татбиқ этиш, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцион жиноятларни очиш, суриштирув-тергов жараёнларида таъсирли, самарали усуллардан фойдаланиш ҳамда давлат идоралари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлик қилишлари, яъни уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш лозим.

Энг аввало, адолат тамойилларини қарор топтиришда, маъсулият қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлашни халқимиз яхши тушунмоғи талаб қилинади.

Бу борада фуқароларни қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб этиш, ахборот олишнинг самарали йўлларини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онгини янада ошириш ва ҳуқуқий дастурларда коррупцияга қарши кураш ва унинг олдини олиш чораларини кўришга бағишланган мавзуларни мактаб, олий ўқув юртларида ўқитиш ва оммавий ахборот воситалари орқали кенгроқ ёритиш самарали ҳисобланади.


Жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп туман суди судьяси

М.Рузметов

 

Жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп туман суди раиси

А.Аминов


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй