Фирибгарнинг тузоғига илинманг ва ўзингиз ҳам фирибгарликка қўл урманг

admin | 13-02-2019 | 608

Фирибгарлик жиноятининг тушунчаси, унинг салбий оқибатлари ва мазкур жиноятни олдини олиш чоралари.

 

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тараққий этган хорижий давлатларнинг кенг жамоатчилиги, экспертлари томонидан юқори баҳоланмоқда.

Янги бозор иқтисодиёти инфраструктурасига мос янгича ҳуқуқий мезон қарор топди. Мазкур мезон умуминсоний, умумбашарий қадриятлар билан халқимизнинг бир неча минг йиллик миллий қадриятлари асосида яратилди.

Жазо тизимида адолат ўрнатилиши давлат билан фуқаро ўртасидаги ўта нозик жабҳани эркинлаштирди. Инсон шахсини таҳқирламайдиган мезонлар жорий этилди.

Жазо чоралари, айниқса, озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилиб, жиноий-ҳуқуқий санкциялар кескин юмшатилди. Фуқароларни жамиятдан ажратмай, озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига жарима жазоси тайинлаш йўли билан шахс эрки ва ҳуқуқлари устувор қадрият сифатида баҳоланадиган бўлди. Жазо тизимидаги бундай инсонпарварлик сиёсати ҳали ҳеч бир мамлакатда жорий этилмаганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг жорий этилгани янги ҳуқуқий ҳодиса бўлишига қарамай, у чуқур тарихий илдизга эга. Чунки бағрикенглик ва фуқароларнинг бир-бирини тушунишлари, ярашиб кетиши миллий менталитетимизга хос бўлган хусусиятдир.

Мамлакатимизда инсонпарварлик ғояси босқичма-босқич қонунчилигимизга сингдирилиши бутун ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилишнинг таркибий қисми бўлди.

Гап жазо ҳақида кетар экан, жазо тушунчаси, турлари ва унинг мақсади ҳақида тўхталиб ўтииш жоиз. Дарҳақиқат, жазо - жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланиладиган ва айбдорни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чораси ҳисобланади.

Жиноят қонунчилиги қандай хатти-ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликлар ҳуқуққа хилоф, ижтимоий хавфли ва айбли қилмишлар жиноят эканлигини аниқлаб, уларга асосий белги сифатида жазога сазоворликни кўрсатиб беради. Жазо - жамият, давлат ва фуқаролар учун зарарли бўлган хатти-ҳаракатларнинг пайини қирқиш ва олдини олиш чорасидир. Ҳар қандай жиноий қилмишнинг жазоланиши инсон ахлоқини қонун билан мутаносиблаштириш имконини беради.

Шундай қилиб, жазо, биринчидан, жиноят қонунида белгиланган давлат мажбурлов чорасидир. Иккинчидан, жазо оммага намуна қилиш хусусиятига эга бўлган чорадир.

Учинчидан, жазо судлов тизимининг таркибий қисми бўлиб, жиноят содир этишда айбдор ҳисобланган шахсга нисбатан суд ҳукми билан қўлланиладиган чорадир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оғир ёки шафқатсиз жазодан воз кечилиб, жазо тизимининг кескин юмшатилиши - жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини оширди. Фуқароларимиз қонунни бузган шахсга жазо муқаррар эканини тобора чуқурроқ англаб етмоқда.

Жазо-шахсни қайта тарбиялаш ва айни пайтда етказилган зарарни қоплаш чораси эканлигини таъкидладик. Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, айбдорни билиб-билмай қилган жинояти учун жамиятдан, айниқса, оиласи, бола-чақаси, қариндош-уруғи, яқинлари ва маҳалласидан ажратиб, озодликдан маҳрум қилиб, жазони ижро этиш муассасаларига юбориш ҳамиша ҳам самара беравермайди. Айниқса, иқтисодий соҳадаги жиноятларга жазо тайинлашда судлар айбдорнинг шахсига, унинг жамиятда тутган ўрнига, содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасига, етказилган зарарни қоплай олиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратаётгани, шахсни ҳам ахлоқий, ҳам маънавий жиҳатдан тарбиялашда катта самара бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Шу ўринда иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар туркумига кирувчи ўзгалар мулкини талон-торож қилиш жинояти, яъни Жиноят кодексининг
168-моддасида кўрсатилган фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни
суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш жиноятини содир этган Р.Якубовга оид жиноят ишини мисол қилиб келтириш мумкин.Р.Якубов фирибгарлик қилиб, қонун бузулишига йўл қўйган. Суд жараёнида унинг хатти харакатлари атрофлича очиб берилди.

Суд жабрланувчилар ва судланувчининг суд жараёнида берган кўрсатмаларини ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, судланувчи содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиш билан бир қаторда, уларнинг ўз айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини, жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланганини ҳамда жабрланувчилар уларга енгиллик беришни сўраганини, судланувчи илгари судланмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифномалар берилганини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмига асосан, унга нисбатан шу модданинг тегишли қисмлари санкцияси доирасида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ахлоқ тузатиш жазоси тайинлашни лозим топди.

Бундан Р.Якубов ўзига тегишли хулоса чиқариб, эндиликда ўз хаётини тўғри ташкил этиши, қонун бузулишига йўл қўймаслиги тушунтирилди. У бундай ҳолат қайта такрорланмаслигига, ҳалол меҳнат қилишга сўз берди.

Судлар томонидан амалга оширилаётган жазо тайинлашдаги қонунийлик ва инсонпарварлик сиёсати адолат тамойилларига тўлиқ мослиги билан аҳамиятлидир.

Албатта, фирибгарлик сингари машъум жиноятнинг олдини олиш, бу иллатни таг-томири билан йўқотиш, биринчи галда, барчамиздан сергаклик, ҳушёрликни, теварак-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамасликни талаб этади. Шубҳасиз, ушбу жиноятни содир этганлар қонун олдида жавоб беришади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, фирибгарлик жинояти аксарият ҳолларда алдов усули билан амалга ошириляпти. Шу сабабли жиноятларнинг олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида йиғилишлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатларини фуқароларга етказиб турилишини таъминлаш лозим. Ҳурматли фуқаролар, сиз ҳам ҳуқуқий онги юксак шахс сифатида ён-атрофингиздаги, айнан алдов домига тушиб қолган бошқа шахсларга бу алдовлар тагида нима ётганлигини, қандай оқибатларга олиб келишини тушунтиринг. Шундай ҳолда сиз ўша шахснинг ушбу жиноят қурбонига айланиб қолишининг олдини олган бўласиз. Зеро, турмушимизнинг тинч-осойишталиги, фуқароларнинг хотиржамлиги барчамиздан огоҳ бўлишни талаб этади

 

 

Жиноят ишлари бўйича

         Хонқа туман судининг раиси

                         М.Киличев


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй