“Одам савдоси-давр муаммоси”

admin | 25-02-2019 | 1219

“Одам савдоси-давр муаммоси

XXI асрда инсоният жуда кўп салбий унсурларга дуч келмоқда. 

Шулардан бири XX асрнинг 80-90 йилларига келиб уюшган трансмиллий жиноят сифатида кўриниш берган одам савдоси жинояти бугунги кунда дунё миқёсида долзарб муаммолардан бирига айланди. Одам савдосининг уюшган трансмиллий жиноий фаолият сифатида асосий фарқ қилувчи хусусияти бўлиб, уни содир этиш оқибатида жисмоний шахслар товарга айланадилар. Яъни одамлар сотиб олиш ёки сотиб юбориш, ҳадя қилиш, топшириш учун объект бўлишлари мумкин. Бошқача қилиб айтганда, улар жонсиз буюмларга тенглаштириладилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, миллий қонунчилигимизнинг одам савдосига қарши курашиш ва унинг олдини олишга оид меъёрлари умумэътироф этилган халқаро ҳужжатларга мос келади. Бу аввало, мустақил давлатимиз Конституциясида “Демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” - деб қатъий мустаҳкамланганлигида ёрқин акс этади. Конституциямизга мувофиқ “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошка тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси қисмида одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш жинояти учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ушбу модданинг 2-қисмида мазкур жиноят ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали, икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, ожиз аҳволдаги, айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган, жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда, киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан, бундан ташқари мазкур модданинг 3-қисмида ушбу жиноят ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан, жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, ўта хавфли рецидивист ёки уюшган гуруҳ томонидан ёхуд унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Шундай экан, фуқаролар одам савдоси каби жирканч жиноятларга қўл урмасликлари ва ушбу жиноятининг қурбони бўлиб қолишларини олдини олиш мақсадида улар ҳуқуқий билимли ва огоҳ бўлишлари лозимдир.

Жиноят ишлари бўйича

Гурлан туман судининг раиси

Б.Якубов 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй