Сабабсиз оқибат бўлмайди

admin | 11-03-2019 | 1393

Сабабсиз оқибат бўлмайди 

Бугунги кунда вилоятимиз ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги профилактик чора-тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бераётган бўлсада, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасидаги натижалар ҳавас қиладиган даражада эмас.

Вилоятимиз ҳудудида содир қилинган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил қилинганида, уларнинг аксариятига тезликнинг меъёридан оширилиши, транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш, қувиб ўтиш қоидаларига риоя қилмаслик, тунги пайтларда транспорт воситаларининг ёритиш чироқларидан тўғри фойдаланмаслик каби қоидабузарликлар бош омил эканлигига гувоҳ бўласиз.

2019 йилнинг 10 март куни соат 12:00 ларда “Шовот-Қўшқўпир” автомобиль йўлининг 72 километрида ўзаро қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган, шовотлик 1974 йилда туғилган Б.У. бошқарувидаги Нексия русумли автомашина ва 1983 йилда туғилган Н.Ж. бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина иштирокида тўқнашув содир бўлган.

Юқори тезлик, ҳайдовчининг ҳаракат вақтида қарама-қарши йўналишга чиқиши оқибатида келиб чиққан мазкур йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳар иккала автомашина ҳайдовчилари олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойининг ўзида ҳалок бўлишган.

Дарҳақиқат, сабабсиз оқибат келиб чиқмайди, афсуски бу гал ҳам шошмашошарлик, эҳтиётсизлик, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилмаслик оғир оқибат билан якун топди.

Ҳайдовчи, тезликни ошириб, умрингни қисқартирма. Унутма, уйда сени оиланг кутмоқда!

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй