Жиноятдан ҳоли жамият сари

admin | 09-04-2019 | 450

Жиноятдан ҳоли жамият сари 

Маълумки, мамлакатимизда бугунги кунда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, жиноят содир қилиб, бугунги кунда суд томонидан тайинланган жазони ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларни ахлоқан тузатиш бўйича тарбиявий ишларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

         Шундан келиб чиқиб, замонавий халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибаларга асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4006-сонли Қарори талаблари асосида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, ички ишлар органларида Пробация хизмати иш фаолияти йўлга қўйилганлиги тўғрисида илгари хабар берган эдик.

Бугунги кунда мазкур Қарор асосида пробация хизмати  озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш бўйича ўз фаолиятини давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этиб келмоқда.

         Инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда кўпчилик жиноят содир қилган шахслар жазони ижро этиш жойларидан муддатидан илгари шартли равишда ёки ўталмай қолган жазо муддати енгилроғи билан алмаштирилиб, суд томонидан тайинланган жазо муддатини оиласидан ва жамиятдан ажралмаган ҳолда ўтаб келмоқдалар.

Бундан ташқари, биринчи маротаба жиноятга қўл урган, оилавий шароитлари инобатга олиниб, аксарият шахсларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилиниб, улар ҳам бугунги кунда ички ишлар органлари   Пробация хизмати ҳисобида туриб ўз жазо муддатларини ўтаб келмоқдалар.

2019 йилнинг 5 апрель куни Боғот туманида пробация бўлими назорати остида турган шахслар билан,  уларни жамиятда рўй бераётган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланиш жараёнларида фаол иштирок этишга чорлаш ва кўмаклашишга қаратилган учрашув бўлиб ўтди.

Унда пробация бўлими ходимлари билан биргаликда Боғот тумани жиноят ва маъмурий ишлари бўйича судлари раислари, туман хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар Иттифоқи туман кенгаши, туман бандликка кўмаклашиш, туман кўникма марказлари ҳамда бошқа жамоатчилик ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этиб, ўзларининг фикр-мулоҳазалари ва тавсияларини етказдилар.        

Йиғилиш якунида “Адашганлар қисмати” номли ҳужжатли фильм намойиш қилинди.





подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй