Эҳтиёт чоралари: Уларнинг қўлланиш тартиби ва мақсади

admin | 23-04-2019 | 488

Эҳтиёт чоралари: Уларнинг қўлланиш тартиби ва мақсади 

 Сўнгги йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини кучайтириш борасида муҳим ишлар амалга оширилди.

         Бугунги кунда суд ҳуқуқ тизимида эҳтиёт чораси деган тушунча бор бу - айбланувчи, судланувчи суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш; унинг бундан буёнги жиноий фаолиятининг олдини олиш; унинг иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга ҳалал берадиган уринишларига йўл қўймаслик, ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида қўлланилади.

Эҳтиёт чораларига қуйидагиларни киритишимиз мумкин:

-муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат;

-шахсий кафиллик, жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг кафиллиги;

-гаров;

-уй қамоғи;

-қамоққа олиш;

-тиббий муассасага жойлаштириш;

-лавозимидан четлаштириш;

-вояга етмаганларни кузатув остига олиш учун топшириш;

-ҳарбий хизматчининг хулқ-атвори устидан қўмондонлик кузатуви ва бошқалар киради.

Бир шахсга нисбатан бир вақтнинг ўзида ана шу чоралардан фақат биттаси қўлланилишига йўл қўйилади.

         Эҳтиёт чораларини қўллашга бугунги кунда санкция бериш тартиби қуйидагича амалга оширилади. Эҳтиёт чораси суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ва суднинг ажрими билан қўлланилиши, бекор қилиниши ва ўзгартирилиши мумкин. Ишни судга қадар юритиш босқичида қўлланилган қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси шахсни бундан кейин қамоқда сақлаш ёки унинг уй қамоғида бўлиши учун асослар мавжуд бўлмаганда прокурор томонидан, шунингдек прокурорнинг розилиги билан суриштирувчи ёки терговчи томонидан эҳтиёт чоралари тўғрисида қарор чиқарган судни албатта хабардор этган ҳолда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши ушбу эҳтиёт чорасини айнан ўша шахсга нисбатан қўллаш тўғрисидаги илтимоснома билан судга такроран мурожаат этишга монелик қилмайди.

         2005 йилда биринчи Президентимизнинг Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида ПФ-3644-сонли Фармони қабул қилинган. Унга кўра қамоққа олишга санкция бериш тартиби қуйидаги тартибда амалга оширилади.

         Прокурор қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги қарор ва зарур материалларни судга юборади. Агар  илтимоснома  ушлаб  турилган  гумон  қилинувчи  ёки  айбланувчига  нисбатан қўзғатилаётган  бўлса,  қарор  ва  кўрсатилган  материаллар  ушлаб  туриш  муддати тугашидан камида ўн икки соат олдин судга тақдим қилиниши керак. Қамоққа  олиш  тарзидаги  эҳтиёт  чорасини  қўллаш  тўғрисидаги  илтимоснома жиноят  содир  қилинган  ёки  дастлабки  тергов  юритилаётган  жойдаги  жиноят ишлари  бўйича  туман  (шаҳар)  судининг,  округ,  ҳудудий  ҳарбий  суднинг  судьяси томонидан,  мазкур  судларнинг  судьяси  бўлмаган  ёхуд  қамоққа  олиш  тарзидаги эҳтиёт  чорасини  қўллаш  тўғрисидаги  материални  кўриб  чиқишда  унинг иштирокини  истисно  этувчи  ҳолатлар  мавжуд  бўлган  тақдирда,  жиноят  ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент  шаҳар суди, Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига  биноан бошқа тегишли суднинг судьяси  томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

         Қамоққа  олиш  тарзидаги  эҳтиёт  чорасини  қўллаш  тўғрисидаги  илтимоснома ёпиқ  суд  мажлисида,  материаллар  келиб  тушган  пайтдан  эътиборан  ўн  икки  соат ичида, лекин ушлаб туришнинг энг кўп муддатидан кечиктирмай кўриб чиқилади.

         Суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштиришнинг энг муҳим вазифаси судгача тергов босқичида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш бўйича суд ваколатларини кенгайтириш, энг аввало, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини прокуратура органларидан судларга ўтказилгани,ушбу чора фуқароларнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик борасидаги конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Шу билан бирга бу шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги белгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига ҳам тўла мос келади.

         Айни вақтда қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судлар ваколатига ўтказилгани Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуалЖиноят-ижроия кодекслари ва бошқа қонун ҳужжатларига пухта ишлаб чиқилган тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилганидан;
бу соҳадаги хорижий тажриба ўрганилганидан; судлар томонидан қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий, процессуал механизмлари ишлаб чиқилганидан; суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизими кадрларини тегишлича тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда бошқа тайёргарлик тадбирлари ўтказилганидан кейин изчиллик билан амалга оширилилди.

         Эҳтиёт чораларидан яна бириси бу уй қамоғидир.

         Уй қамоғи гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилади. Уй қамоғи гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйилиб, ўзи мулкдор, ижарага олувчи сифатида ёки бошқа қонуний асосларда яшаб турган турар жойда тақиқлар (чекловлар) юклатилган, шунингдек унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда бўлишидан иборат бўлади. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг соғлиғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда тиббий муассаса уй қамоғида сақлаш жойи этиб белгиланиши мумкин.

         Уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисидаги қарорда гумон килинувчи, айбланувчи ёки судланувчи дучор қилинадиган озодлик бўйича аниқ тақиқлар (чекловлар), шунингдек ўрнатилган тақиқларга (чекловларга) риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш зиммасига юклатилаётган орган кўрсатилади. Ўзига нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсга қуйидаги тақиқлар (чекловлар) ўрнатилиши мумкин:

         1) муайян шахслар билан алоқада бўлиш;

         2) хат-хабар олиш ва жўнатиш;

         3) ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш;

         4) уй-жойни тарк этиш.

         Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи барча тақиқларга (чекловларга) ёхуд улардан айримларига дучор этилиши мумкин.

         Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси фақат ушлаб турилган гумон қилинувчига ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин. Қонунда назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда ва суриштирув ёки дастлабки тергов давомида қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланганда прокурор, шунингдек прокурорнинг розилиги билан суриштирувчи ёки терговчи қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради.

         Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчини қамоққа олиш ёки уни уй қамоғига жойлаштириш заруратини келтириб чиқарган асослар баён қилинади.

         Прокурор қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги қарор ва зарур материалларни судга юборади. Агар илтимоснома ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қўзғатилаётган бўлса, қарор ва кўрсатилган материаллар ушлаб туриш муддати тугашидан камида саккиз соат олдин судга тақдим қилиниши керак.

         Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома жиноят содир қилинган ёки суриштирув, дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаганида эса ёхуд қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида, материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан саккиз соат ичида, лекин ушлаб туришнинг энг кўп муддатидан кечиктирмай кўриб чиқилади.

         Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, агар ишда қатнашаётган бўлса ҳимоячи, ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида кўриб чиқилади. Ушлаб турилган гумон қилинувчи, айбланувчи суд мажлисига олиб келинади. Суд мажлисида гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг қонуний вакили, шунингдек суриштирувчи, терговчи иштирок этишга ҳақли. Зарур бўлган ҳолларда суриштирувчи, терговчи судга чақирилиши мумкин.Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди. Қидирув эълон қилинган айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома айбланувчининг иштирокисиз кўриб чиқилади.

         Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурор маърузаси билан бошланади, у мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш зарурлигини асослаб беради. Шундан сўнг гумон қилинувчи ёки айбланувчи, ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

         Судья гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:

1) қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида;

2) қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад қилиш тўғрисида;

         2.1) қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад қилиш ва уй қамоғи ёки гаров тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида;

         2.2) уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад қилиш ва гаров тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида;

         3) тарафлар қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашнинг асосланганлиги ёки асосланмаганлигига доир қўшимча далилларни тақдим этишлари учун ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатдан кўп бўлмаган муддатга узайтириш тўғрисида.

         Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилинган ва гаров тарзидаги эҳтиёт чораси танланган тақдирда, гумон қилинувчини ёки айбланувчини ушлаб туриш муддати гаров киритиш имконини бериш учун суд томонидан кўпи билан қирқ саккиз соатгача бўлган муддатга узайтирилади, кўрсатилган муддатда гаров киритилмаган тақдирда қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома қаноатлантирилган ҳисобланади.

         Судьянинг қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ёки уни қўллашни рад қилиш тўғрисидаги ажрими у ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро қилиниши керак. Судьянинг ажрими ижро учун прокурорга, маълумот учун эса гумон қилинувчига, айбланувчига, ҳимоячига юборилади. Судьянинг ажрими устидан ушбу Кодекс 241-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга биноан апелляция тартибида шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин.

         Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:

         1) судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоят ёки протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

         2) судьянинг ажримини бекор қилиш ва гумон қилинувчи ёки айбланувчини қамоқдан, уй қамоғидан озод қилиш ёхуд унга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга ҳақли. Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилинган тақдирда, айнан ўша гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга қамоққа олишни ёки уй қамоғини қўллашни тақозо этадиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.

         Бугунги кунда эҳтиёт чораларидан яна бири ҳисобланувчи  лавозимдан четлаштиришга санкция бериш тартиби қуйидагича амалга оширилади.

         Башарти айбланувчи, судланувчи ўз иш жойида қолса, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёки жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга тўсқинлик қилади ёхуд жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, улар лавозимидан четлаштирилиши мумкин.

         Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масала ушбу бобда белгиланган тартибда, судланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақидаги масала эса ушбу Кодекснинг 423, 438-моддаларида назарда тутилган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.

         Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш учун асос бўлган ҳолатлар бекор бўлгунига қадар ўтган вақт мобайнида қўлланилади. Айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси қарор чиқарган судни албатта хабардор этган ҳолда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан бекор қилинади. Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаш рад қилинган ёки у бекор қилинган тақдирда, айнан ўша айбланувчига нисбатан мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга лавозимдан четлаштириш учун асос бўладиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.

         Айбланувчини лавозимидан четлаштириш учун асослар мавжуд бўлганда прокурор, терговчи ва суриштирувчи айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради. Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда: лавозимидан четлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар; унинг иш жойи; лавозимдан четлаштириш асослари кўрсатилади. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.

         Суриштирувчининг, терговчининг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади.

         Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

         Суднинг айбланувчини, судланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими корхона, муассаса, ташкилот раҳбари учун мажбурий бўлиб, раҳбар ажримни олиши билан дарҳол уни ижро этиши ҳамда бу ҳақда суриштирувчини, терговчини, прокурорни ва судни хабардор қилиши шарт.

         Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш этиёт чораси.

         Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш учун асослар мавжуд бўлганда прокурор, терговчи ва суриштирувчи шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради. Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда: тиббий муассасага жойлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар ва унинг процессуал ҳолати; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш асослари; шахс жойлаштириладиган тиббий муассасанинг номи; эҳтиёт чораси тўғрисида таклиф этилаётган қарор кўрсатилади. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади. Суриштирувчининг ёки терговчининг шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади. Прокурор шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади. Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ҳарбий суд раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқсуд мажлисида, материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида кўриб чиқилади. Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, ҳимоячи, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ўзига нисбатан экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш масаласи кўриб чиқилаётган шахсларнинг манфаатларини ифодаловчи жабрланувчининг вакили, гувоҳнинг адвокати, қонуний вакиллар иштирокида кўриб чиқилади. Тиббий муассасага жойлаштирилаётган шахс, агар унинг соғлиғи имкон берса, суд мажлисида қатнашишга ҳақли. Зарур ҳолларда суриштирувчи ёки терговчи судга чақирилиши мумкин. Айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойда ёки тиббий муассаса жойлашган ерда, ушбу моддада назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади. Айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда суд тақдим этилган материалларнинг асослилигини, шунингдек процессуал нормаларга ва талабларга риоя этилганлигини ҳисобга олади. Суд экспертизаси натижаларига кўра шахс ақли норасо деб эътироф этилганда унинг тиббий муассасада бундан буён бўлиши тўғрисидаги масала ушбу Кодекснинг 61-боби нормаларига мувофиқ ҳал этилади, жабрланувчи, гувоҳ ақли норасо деб эътироф этилган ёки шахснинг психиатрия ёрдами кўрсатиш талаб этиладиган бошқа турдаги руҳий касаллиги аниқланган ҳолларда эса, қонун ҳужжатларига мувофиқ умумий асосларда ҳал этилади.

         Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки бугунги кунда эхтиёт чораларига санкция беришда суд органлари инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, унинг дахлсизлигини таъминлаш тармоқларидан чиқмаган холда амалга оширадилар.

         Суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ процессуал мажбурлов чораларини қўллашга санкция бериш ҳуқуқи судларга босқичма-босқич ва изчил ўтказилишини таъминлаш мақсадида бугунги кунда бир қанча ислохатлар амалга оширилмоқда.

         Суд хокимияти ҳақида гапирар эканмиз шу ўринда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг бир фикрини келтириб ўтишни ўзимизга жоиз топдик, “Суд хокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир” деб таъкидлагани, суд органлари ўз фаолиятини одилона олиб бориши, уларнинг мустақиллигини таъминлашда муҳим ахамият касб этади.

 

Жиноят ишлари бўйича

       Хонқа туман судининг раиси

                                                    

 М.Киличев


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй