ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ - САМАРАДОРЛИК ОМИЛИ

admin | 06-05-2019 | 1634

Жамоатчилик назорати - самарадорлик омили 

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича республикамизда яхлит ҳуқуқий тизим яратилган бўлиб, унда ички ишлар органлари муҳим ўрин эгаллайди. Ички ишлар органларининг маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш учун ташкил этилган қуйи бўғинини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Жумладан, “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ–2896-сонли қарорига мувофиқ,  Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, профилактика инспекторлари ўзларига бириктирилган ҳудуд бўйича тегишли фуқаролар йиғинларида ҳар ой якуни бўйича ҳисобот беради. Хўш, профилактика инспекторлари аҳоли олдида қандай ҳисобот беради?  Йиғин ўтказилишидан 3 кун олдин бу ҳақда фуқаролар йиғинида кўринарли жойга эълон осиб қўйилади ҳамда аҳолига етказиш чоралари кўрилади. Профилактика инспектори фаолиятига аҳоли томонидан ҳаққоний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини раиси ҳудуддаги уйлар аҳолиси (уларнинг вакиллари) қатнашишини таъминлайди. Йиғинга фуқароларни турли сабаблар билан қатнашишини тақиқлашга йўл қўйилмайди.  Профилактика инспекторларининг ҳисоботларини эшитиш якунларига кўра улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва иш натижалари танқидий муҳокама қилинади, улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилади, шунингдек  эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилинади ҳамда ички ишлар органи бошлиғига тақдим  этилади.

Фуқаролар йиғини унда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган барча аҳолининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир. Фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаганда фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказилади. Фуқаролар вакилларининг йиғилиши, агар унда фуқаролар вакилларининг камида 2/3 қисми қатнашса, ваколатлидир. Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) қарор унда қатнашганларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда йиғинни (йиғилишни) олиб борувчи масъулларнинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Юкорида келтириб ўтилган ҳуқуқий асослардан келиб чиққан ҳолда ушбу мақоланинг бош мақсади сифатида шуни айтишим жоизки – ,,Профилактика инспекторлари ички  ишлар  органларининг  маҳаллалардаги  вакили  эмас, балки   маҳалланинг   ички ишлар органларидаги вакили бўлиши кераклиги тамойилини бугун амалиётга тўлиқ татбиқ этишдир.

 

О.Хаитбаев,

Ўзбекистон     Республикаси     ИИВ 

Академияси  3- ўқув курси курсанти


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй