Ҳўкизларни “ҳазм” қилиб юбормоқчи эди

admin | 11-05-2019 | 1779

Ҳўкизларни “ҳазм” қилиб юбормоқчи эди 

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи, 1984 йилда туғилган Б.Х. қисқа муддатда бойиб кетиш йўлларини излай бошлайди ва бу борада қонунга хилоф таваккалчиликка қўл уради.

У 2018 йилнинг ноябрь ойида қорамол боқиб парваришлаб келаётган маҳалладоши Р.Ж.нинг уйига ташриф буюради. Маҳалладошининг молхонасида “етилиб” турган 4 бош ҳўкизларни кўргач, ҳар қандай ҳолатда бўлса ҳам ҳўкизларга эга чиқиш режасини тузади.

Ҳўкизлари учун бозор нархидан юқори бўлган нархни эшитган Ж.  пулини нақд олмасдан, 33 696 000 сўмга баҳоланган 4 бош ҳўкизни “баракали харидор”га қўш-қўллаб топшириб юборади.  

4 бош ҳўкизнинг пулини шахсий эхтиёжлари учун ишлатиб юборган Б.Х. Боғот туманида яшовчи Б.Ғ.нинг ҳам 2 бош ҳўкизини юқоридаги усул билан қўлга киритади. 10  600 000 сўм баҳоланган ҳўкизлар учун олдиндан тўлов амалга оширилмади.

Ҳўкизлари учун келишилган пулни сўраган Ж. ва Ғ. ҳар гал пул ўрнига турли баҳоналар билан қайтишгачгина фирибгарлик қурбони бўлишганлигини англаб ички ишлар бўлимига мурожаат қилишди.

Олиб борилган дастлабки суриштирув ишларидан кейин, 6 бош ҳўкизни “ҳазм” қилиб юборишга уринган Б.Х. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Шу ўринда фуқароларга ўз қорамолларини сотиш пайтида пулини нақд олишларини тавсия қиламиз. Агарда Сизга қорамолингиз учун бозор нархидан юқори нарх таклиф этишса, аммо ушбу маблағни маълум муддатдан кейин беришни айтишса, эҳтиёт бўлинг, бу фирибгарлик тузоғи бўлиши мумкин.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй