МЕҲР-ОҚИБАТ БЕБАҲО ТУЙҒУ

admin | 22-05-2019 | 2301

                            МЕҲР-ОҚИБАТ БЕБАҲО ТУЙҒУ               

 

Шундай инсонлар борки, улар ҳаётини эзгу ва хайрли ишларга бағишлайди. Одамларга яхшилик қилиб, дуосини олишга, қўлидан келгунича ёрдам беришга интилади. Ўзидан комил фарзадлар қолдиришга ҳаракат қилади. Бундай инсонлар халқимизнинг ҳурмат-эътиборига, олқишига сазовор бўлишади. Афсуски орамизда бундай тўкис фазилатларга эга бўлмаган инсонлар ҳам учраб туради. Айниқса, қалби макр ва ҳийлага тўла ҳасадгўй кимсалар кўнгли пок, нияти холис кишиларнинг ҳаловатини, тинчини бузишни хуш кўришади. Уларнинг ютуғини, муваффақиятини кўриб, ҳасад ўтида ёнади. Шайтоний ҳиссиётларга берилиб, уни менсимасдан камситади, ҳақоратлайди, жиғига тегади, ҳатто муштлашишгача боради. Охири ўртадаги муносабат янада ёмонлашади. Яхши-ёмон кунларида бир-бирига суянчиқ бўладиган, тўйларида белини маҳкам боғлаб хизматда турадиган қўшнилар охири бир-бирига ёв бўлиб қолишади. Бу иллат ойлар, йиллар ўтиб, уларни жиноят кўчасига етаклайди. Меҳр-оқибатли, диёнатли инсонлар жабрланувчи бўлишса-да суд залида ўтирганидан ҳижолат тортиб, ўзи арз қилган зўравон қўшнисини кечиришларини сўрайди. Бундан кейин оға-инидек аҳил-иноқ яшашга сўз беради. Аммо ғазаб отига минган ҳасадгўй кимсалар қалбидаги ғаразли тўфонни ҳайдаб юборишга куч тополмай қўрслик қилиб, раҳм-шафқат қилаётган қўшнисини айбдор қилишга уринади.

Ҳазорасплик муқаддам бир неча бор судланган А. Дилшод ҳам (воқеа иштирокчиларининг исми-шарифи ўзгартирилган) худди ана шундай кимсалардан бири. У қўшнисининг ўртада пахса девор тортишига хайрихоҳлик билдириш ўрнига унга қарши чиқади. Абдулла эса пахса девор бўлиши ҳар иккала оила учун ҳам муҳим эканлигини айтиб, уни инсофга чақирмоқчи бўлади. Афсуски Дилшод қўшнисининг бу фикрига қўшилмасдан қайсарлик қилиб туриб олади. Хуллас, икки қўшни ўртасидаги бу адоват бир неча ойлаб давом этади. Муросага келолмаган Абдулла охири пахса девор тортишга қарор қилади ва ишни бошлаб юборади. Илгари ҳам бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилган Дилшод қилмишидан тўғри хулоса чиқариб олмасдан яна қонунбузарликка қўл уради. У ўз томорқа ерида тинчгина қурилиш ишлари билан шуғулланаётган қўшниси Абдулла ва унинг оила аъзоларини ҳамда қурувчи усталарни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди. Зўравоннинг зуғумидан тоқати тоқ бўлган жабрланувчилар охир-оқибат ички ишлар органларига мурожаат қилишади. Қонунбузарлик тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб, судга оширилади.

Ҳазорасп туманидаги “Наврўз” маҳалласи худудида ўтказилган очиқ сайёр суд йиғилишида гувоҳлар, айбдор ва жабрланувчилар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этиб, қўшнилар ўртасидаги низо атрофлича муҳокама этилди. Хуллас, айбдор қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди.

Оила муқаддас даргоҳ. Уни авайлаб-асраш, ҳимоя қилиш, таъминотида хатоликларга йўл қўймаслик зарур. Афсуски бундай фикрлар баъзи кимсаларга мутлақо бегонадир. Келинг, шу ўринда ушбу воқеа тафсилотига тўхталиб ўтсак. Питнаклик С. Комил ҳеч қаерда ишламасдан ичкиликка берилди ва оиласига, фарзандлари тарбиясига қарамай қўйди. Замира эрининг инсофга келишини, оила аъзолари билан тинч-тотув яшашини узоқ кутди. Аммо унинг бу орзуси сароблигича қолаверди. Ана шундай кунларнинг бирида у яна уйига маст ҳолатда кириб келди ва “Нега қўнғироғимга жавоб бермайсан!” дея турмуш ўртоғини аёвсиз калтаклади. Натижада оғир тан жароҳати олган Замира шифохонага ётқизилди. Маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд йиғилишда айбланувчининг ҳатти-ҳаракатлари, жабрланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланди. Маҳалла фаолларининг, қўни-қўшниларнинг сўзларига қулоқ тутилди. Сўзга чиққанлар содир бўлган қонунбузарликда айбдорнинг яқинлари, қариндош-уруғлари ҳамда маҳалла аҳлининг ҳам айби борлигини таъкидлаб ўтишди. Жиноят тафсилотлари тўлиқ ва холисона муҳокама этилгач, суд ҳукми ўқилди.  Судланувчи С. Комил Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддасига мувофиқ айбдор деб топилди ва 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига маҳкум этилди. 

Жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирларда, сайёр суд йиғилишларида содир бўлаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда маҳалла фаолларининг ролини янада кучайтириш, оила турмуш доирасидаги низоларни кўпни кўрган ёши улуғ нуроний отахону-онахонлар иштирокида муҳокама этиш, уларнинг маслаҳатларига, насиҳатларига қулоқ тутиш, муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш мақсадга мувофиқ бўлиши тушунтириляпти.  

Ҳамкорликда ҳикмат кўп, дейишади. Дарҳақиқат ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик бор жойда ҳар қандай муаммо ўз ечимини топади. Ўзаро низолар, келишмовчиликлар барҳам топади. Келинг шундай экан, ўртамиздаги меҳр-оқибат туйғусининг завол топишига йўл қўймайлик!

 

                                                                          Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                               “Postda” мухбири.

                                                                                  Акбар АМИНОВ,

                                                                   Жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп  тумани суди раиси.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй