Огоҳ бўлинг, фирибгар!

admin | 22-05-2019 | 1136

Огоҳ бўлинг, фирибгар!

Текин даромадга эга бўлиш, меҳнатсиз бойлик орттириш, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш фирибгарларга хос бўлган иллатлардир. Уларнинг фикру-ҳаёли содда, ишонувчан, ҳуқуқий билими етарли бўлмаган инсонларни ўз “тузоғи”га илинтириб, йиллар мабойнида тўплаган мол-мулкини қўлга киритишдан иборатдир. Қуйида ана шундай нопок кимсалардан бири ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

Урганчлик С. Ҳасан (воқеа иштирокчиларининг исми-шарифи ўзгартирилган) назаримизда ўзини ўзи алдаётган кимсага ўхшайди. Чунки у бир неча йиллар мабойнида одамларни алдаб, уларнинг ҳалол меҳнат билан топган даромадларини қўлга киритиб, тинчгина ҳаёт кечираман, деб ўйлаганди. Афсуски у ўйлагандек бўлмади.

Ҳаромдан ҳазар қилмайдиган Ҳасан устози Х. Зарифнинг автомашина сотиб олмоқчи эканлигини эшитиб, унинг уйига боради. Шогирдининг ташрифидан хурсанд бўлган устоз уни қучоқ очиб кутиб олади. Дастурхон ёзиб, иззат-икром кўрсатади. Илон ёғини ялаган Ҳасан таълим-тарбия берган устозини “Автомашина савдоси билан шуғулланаяпман,” деб алдаб, унга “Малибу” русумли автомашина олиб бериш эвазига унинг 104.000.000 сўм пулини фирибгарлик билан қўлга киритади. Мўмайгина даромадга эга бўлган Ҳасан ўзининг жиноий фаолиятини давом эттириб, таниши Ю. Мадиёрнинг эшигини қоқади. “Нексия” русумли автомашина сотиб олмоқчи бўлиб юрган бу йигит ҳам унинг ширин ваъдаларига ишонади ва Ҳасаннинг қўлига 10. 000 АКШ долларини тутқазиб юборади.

Орадан бир неча кун ўтгач, урганчлик Қ. Мадиёр ҳам Ҳасаннинг беминнат хизматидан хабар топиб, уни излай бошлайди. Ҳаром луқма ейишга одатланган Ҳасан одамларнинг бундай ташрифидан боши осмонга етади. Аммо у ички ҳиссиётини сездирмасдан айёрона йўл тутади ва автосалондан “Нексия” харид қилиш анча қийин бўлиб қолганини баҳона қилиб, нархни оширади. Ҳасаннинг сўзларини жон қулоғи билан тинглаб ўтирган Мадиёр “Янги “Нексия” минсам бўлди” деганча унга айтган пулини-10.500 АКШ долларини нақд санаб беради. Сири ошкор бўлмасидан содда одамларнинг пулини қўлга киритишга астойдил интилган Ҳасан куну-тун тиним билмай автомашина бозорларида, автосалонлар олдида санқиб юради. Автомашина сотиб олмоқчи бўлган одамларни зимдан кузатади. Улар билан суҳбатлашади. Ўзининг беминнат ёрдамини таклиф қилади. Анашундай кунларнинг бирида урганчлик Улуғбек унинг навбатдаги “тузоғи”га илинади.

-Автосалондан “Нексия” олиш жуда мушкул,-дейди у бош чайқаб.- Аммо “Кобалт” олиб беришим мумкин.

-“Кобалт” яхши-куя, лекин пулим етмайди-да.

-Энди янги машина миниш учун топасиз-да. Мол-ҳол, тақинчоқ-пақинчоқлар бордир. Гижинглаган тойчоқ учун қарз ҳам олаверасиз. Бу айб иш эмас.

Фирибгарнинг сўзларини эшитган Улуғбек 18.500 АҚШ доллари ҳамда 6.000.000 сўмлик аёллар тилла занжирини унга беради.    

-Бир ой ичида автосалондан “Кобалт”ни ўзингиз ҳайдаб чиқасиз,-дейди Ҳасан қўлидаги пулни чўнтагига жойларкан.-Суюнчини ҳозирданоқ тайёрлаб қўяверинг!

Фирибгарнинг ишонч билан айтган бу сўзини эшитган Улуғбек хушхабарни кутиб юраверади. Хуллас, “жарақ-жарақ” пулларга эга бўлган бу кимса урганчлик М. Мадаминнинг ҳам ишончини қозонади. Уни “Малибу” русумли автомашина олиб бераман,” деб алдаб, 92.000.000 сўм пулини қўлга киритади.    

Содда, ишонувчан одамларни “чув” туширишни касб қилиб олган Ҳасан вақт борида “қуён” бўлиб қолишни маъқул кўради ва Озарбайжон Республикаси орқали Туркия давлатига ўтиб кетади. Ўзга юртда сарсон-саргардонликда юрган Ҳасан охири ўз юртига қайтиб келишга мажбур бўлади. Бу пайтда қатор фирибгарлик жиноятларини содир қилганликда гумон қилинаётган бу кимсага нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан қидирув эълон қилинганди. Қилмиш-қидирмиш, деганларидек С. Ҳасан дарҳол қўлга олинади.

Келинг, шу ўринда фирибгарнинг “тузоғи”га илинган жабрланувчиларнинг сўзларига қулоқ тутайлик:  

-Фирибгарлар ўз режасини амалга ошириш учун шунчалик маҳорат билан “рол” пжро қиларкан-ки, бунга қойил қолмасликнинг асло иложи йўқ,-дейди жабрланувчилардан бири М. Мадамин.-Ҳасаннинг “Тошкент шаҳридаги автосалондан автомашина олиб бераман,” деган сўзларига ишониб, пойтахтдаги меҳмонхоналарнинг бирида роппа-роса 91 кун яшадим. У 91 кун турли ишонарли баҳоналар топиб мени алдади. Охир-оқибат алданганимни англаб етдим.

-Ҳасан шогирдим бўлади,-дейди жабрланувчилардан яна бири Х. Зариф.-У менга 104.000.000 сўм эвазига “Малибу” олиб беришга ваъда берди. Автомашина пулини Тошкент шаҳридаги автосалонлардан бири орқали банкка тўлаганлигини айтди. Ордан уч ой ўтгач, негадир ундан шубҳалана бошладим ва қўлимдаги банк квитанцияларининг ҳақиқийлигини текширтириб кўрдим. Анашундагина барчаси аён бўлди. У мени ҳам алдаган экан.

-Ҳасанга “Нексия” автомашинасини сотиб олиб бериш учун 10.500 АКШ доллари бердим,-дейди фирибгарнинг ширин ваъдаларига алданган Ҳамид.-У автомашинани Тошкент шаҳридаги автосалондан олиб беришини, тўловни ҳам ўша жойда амалга оширганини айтди. Мен ундан автосалон билан тузилган шартномани сўрадим. Ҳасан эса шартномани Тошкентда унутиб қодирганини айтди. Шундан сўнг унинг билан Тошкент шаҳрига бордим. Аммо у шартномани топиб беролмай турли баҳоналарни ўйлаб топа бошлади. Ҳатто автомашина учун пул ҳам тўламагани ошкор бўлиб қолди. Хуллас, шу тариқа фирибгарнинг “тузоғи”га илинганимни англаб етдим.

-Хонадонимизга нотаниш бир йигит кириб келди ва у ўзини ўғлимнинг яқин дўсти эканлигини айтди,-дейди Комил ака.-У мендан фуқаролик паспортимни ҳамда ИНН рақамимни сўради. Мен ундан бу ҳужжатлар нима учун кераклигини суриштирдим. Шунда у “Ўғлингиз сизга 60 ёш юбилейингизга “Нексия” совға қилмоқчи” деди. Очиғи, ўғлимнинг бу меҳрибонлигидан қувониб кетдим ва унга ҳужжатларимни бердим. Орадан бир неча кун ўтгач, Ҳасан билан Тошкент шаҳрига келдик. У автосалонга бориб келди-да, “Нексия” сотиб юборилганини, унинг ўрнига “Кобалт” олиб беришини айтди. У хорижда ишлаётган ўғлимга қўнғироқ қилиб, автомашина учун яна пул жўнатишини сўради. Ўғлим рози бўлди. Эртасига Ҳасан мени автосалонга бошлаб борди ва у ерда турган яп-янги “Кобалт” ёнида суратга туширди. Сўнгра ўша суратни интернет тармоғи орқали ўғлимга жўнатди. Хуллас, бу фирибгар ўғлимни алдаб, мени сарсон-саргардон қилди. Шундан сўнг Хоразмга қайтдик. Охири ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишимни айтдим. У мени тинчлантирди ва шу куни битта “Коболт” автомашинасини олиб келиб, “Мана машинангиз, эртага ҳужжатларини келтириб бераман,” деб шошилганча кетиб қолди. Афсуски қувончимиз узоққа бормади. Орадан уч кун ўтгач, автомашина эгаси уйимизга келиб, “Кобалт”ни олиб кетди. Яна ўша ноинсоф Ҳасанни излаб топдим. “Нима қиласиз минилган ўша “Кобалт”ни. Икки кунга Тошкентдан яп-янгисини олиб келиб бераман,” деди. Мен яна унинг гапига ишондим. Орадан тўрт-беш кун ўтгач, Ҳасаннинг уйига бордим. Қарасам, тўшакда қўл-оёқлари гипсланган ҳолда ётарди. Нима бўлганини сўрадим. Автомашинани олиб келаётганида Навоий вилояти худудида йўл транспорти ҳодисаси содир бўлган. Яп-янги “Кобалт” миниб бўлмас ҳолатга келиб қолган. Унга раҳмим келди. Кейинроқ билсам, бу ҳам фирибгарнинг навбатдаги найранги экан. Хуллас, мени роса алдади. Бундай ғаламислардан Оллоҳнинг ўзи асрасин.

Текинхўрлик билан кун кечиришга одатланган Ҳасан қонун олдида жавоб берар экан, қилмишидан пушаймонлигини, вояга етмаган фарзандлари борлигини, енгиллик беришларини сўради. Жабрланувчилардан кечирим сўраб, уларга етказилган зарарни тўлиқ қайтарди.

Жиноят ишлари бўйича Урганч тумани суди фирибгарнинг қилмишини атрофлича муҳокама этиб, унга нисбатан тегишли жазо тайинлади.

Бу кимсанинг тузоғига илиниб, жабр кўрган кўплаб одамлар узоқ вақт андиша қилибми ёки фирибгарнинг пуч ваъдаларига ишонибми, индамай юраверишган. Агар бу фирибгарнинг илк жабрдийдалари ўз вақтида ички ишлар органларига хабар қилишганида унинг жиноий фаолиятига ўша заҳотиёқ чек қўйилган бўларди.

Ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, қонун устуворлиги ҳар биримиз учун ниҳоятда зарур ва шарт эканлигини юқоридаги жиноят тафсилотлари ҳам яққол исботлаб турибди. Қонунларимиздан хабардор бўлган ва унга итоат қилган киши ҳеч қачон жиноят қурбонига айланмайди, фирибгарлар “тузоғи”га тушмайди. Аксинча уларнинг ноқонуний фаолиятига тўсқинлик қилиб, жиноят кўчасига киришининг олдини олади. Шундай экан, ён-атрофимизга  зийракроқ назар ташлайлик. Фирибгарлардан огоҳ бўлайлик!

 

                                                                    Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                            “Postda” мухбири.

                                                                         Жалол БОБОЖОНОВ,

                                                            Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги тергов

                                                         бўлими терговчиси, катта лейтенант.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй