ШИФОКОР МАСЪУЛИЯТНИ УНУТСА...

admin | 31-05-2019 | 2619

ШИФОКОР МАСЪУЛИЯТНИ УНУТСА...

Инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг дардига малҳам бўлиш шифокор учун ғоят муҳим вазифадир. Афсуски баъзи саломатлик посбонлари зиммасидаги ҳаёт-мамот вазифага бефарқ муносабатда бўлиб, инсонлар ҳаётини жиддий хавф остида қолдиришади. Ҳазорасплик олий маълумотли шифокор Мақсудбек Каримов (айбдорнинг исми-шарифи шартли равишда ўзгартирилган) ҳам анашундай кечирилмас хатога йўл қўйди.   

   Мақсудбек Каримов ушбу воқеа содир бўлгунга қадар Ҳазорасп тумани тиббиёт бирлашмасининг болалар реанимация бўлими масъул ходими ҳамда кундузги болалар реаниматолог-шифокори лавозимида ишлаб келган. У лавозим йўриқномасига мувофиқ бўлимдаги диагностик даволаш ишлари сифати ва самарадорлиги учун шахсан масъул бўла туриб, беморларни даволашда тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиш асосий вазифаларидан бири эканлигини билса-да, Ўзбекистон Республикаси ССВнинг буйруқ ва кўрсатма талабларини қўпол равишда бузди. Яъни ўтган йилнинг 15 август куни соат 07-20да туман тиббиёт бирлашмаси болалар реанимация бўлимига оғир аҳволда олиб келинган Дилшодбек Тўхтабоевни даволашда эътиборсизликка йўл қўйди. У беморни тўлиқ текширувдан ўтказмасдан нотўғри ташхис асосида муолажалар қилди ва ўз касби доирасидаги вазифаларни лозим даражада бажармади. Мутахассис шифокорлар билан маслаҳатлашмасдан, вилоятдан малакали дўхтирларни чақирмасдан беморнинг аҳволи янада оғирлашишига ҳамда унинг бевақт ўлимига сабабчи бўлди.

   -Қизим фарзандларини менга ташлаб, россияга ишлашга кетди,-дейди Р. Матмуратова судда берган кўрсатмасида.-Бир куни неварам Дилшодбек “Қорним оғрияпти”, деб қолди. Дарҳол уни қишлоқ врачлик амбулаториясига олиб бордим. Шифокорлар уни тиббий кўрикдан ўтказишди ва туман марказий касалхонасига йўлланма беришди. Беморларни қабул қилиш бўлими шифокорлари Дилшодбекнинг аҳволи оғирлиги боис уни болалар жонлантириш бўлимига ётқизишди. Орадан икки кун ўтгач, у вафот этди.

   Хуллас, Паралитик ичак тутилиши” ташхиси қўйилган бемор икки соатдан сўнг қайта жарроҳ кўригидан ўтказилиши ва аниқ ташхис қўйилиши лозим эди. Аммо даволовчи шифокор Мақсудбек Каримов жарроҳ тавсияси бўйича иш тутмасдан беморни даволай бошлайди. Эртасига бемор Д. Тўхтабоевнинг аҳволи бироз яхшилангандек бўлади. Аммо кечқурунга бориб яна дарди оғирлашди. Бундан тўғри хулоса чиқармаган шифокор даволашни яна давом эттирди. Орадан икки кун ўтса-да, Дилшодбекнинг соғлигида ўзгариш бўлмади. Шундан сўнг бўлим шифокорлари вилоятдан болалар жарроҳини чақиришди. У беморни кўздан кечиргач, зудлик билан жарроҳлик амалиётини ўтказди. Натижада бемор Дилшодбек ТўхтабоевдаЎткир гангренозли тешилган аппендицит. Тарқалган фебринли йирингли перитонит, ичаклараро абцесс, абдоминал сепсис, ичаклар парези III-даража, интоксикация” ташхиси аниқланган. Афсуски бемор ўз вақтида тегишли мутахассис шифокорлар кўригидан ўтказилмагани ҳамда аниқ ташхис қўйилмагани оқибатида ундаги касалликнинг оғирлашиши кузатилган ва бемор жарроҳлик амалиётидан сўнг вафот этган.

   “Яхши шифокор маълум дардларнинг шифосини биладиган, агар ўзига номаълум касаллик бўлса, беморга ёрдами тегадиганларни чақирадиган кишидир”, деб ёзганди француз ёзувчиси Жан де Лабрюйер. Афсуски шифокор Мақсудбек Каримов бундай йўл тутмади ва кўнгилсиз воқеа сабабчисига айланди. 

    Ўз бурчига, қасамёдига содиқликни унутган бу саломатлик посбонининг жиноий ҳаракатлари тергов ва суд жараёнларида, гувоҳларнинг кўрсатмаларида ўз аксини топди.

    Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани суди бемор Дилшодбек Тўхтабоевнинг бевақт ўлими билан боғлиқ бўлган жиноий ишни атрофлича муҳокама этиб, айбдорга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинлади. Айбланувчи Мақсудбек Каримов Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ 3 йил реаниматолог шифокор фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

 

                                                                                   Акбар АМИНОВ,

                                                                       Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп

                                                                  тумани суди раиси.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй