Амалиёт ва назария уйғунлиги таъминланади

admin | 03-06-2019 | 3716

Амалиёт ва назария уйғунлиги таъминланади 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги 5408-сонли «Жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойишига асосан ҳудудларда ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларини ташкил этиш белгиланган эди.

Бу борада Хоразм вилоятида Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда чора-тадбирлар белгиланиб, Урганч шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирининг базасида “Хоразм вилояти ички ишлар органлари ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари” ташкил этилди.

Мазкур курсда асосий эътибор ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-ватанпарварлигини янада ошириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал этишда Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари ҳамда Миллий гвардиянинг ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг узвий ҳамкорлигини ташкил этиш, уларда жамоавийлик, уюшқоқлик ҳамда вазифаларни бажаришда даҳлдорлик туйғуларини шакллантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилади.

Тўлиқ реконструкция қилинган бинода ходимларни масофадан ўқитиш, ахборот-кутубхона хизматидан фойдаланишлари, жисмоний ва маънавий тайёргарликларини юксалтиришлари ва албатта белгиланган тартибда дам олишлари  учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Ушбу ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларининг алоҳида таҳсинга сазаворлиги шундаки, ўқув курсларида ўқиётган ходимлар куннинг биринчи ярмида назарий ва амалий ўқув машғулотларига, куннинг иккинчи қисмида – маҳаллаларда ва оммавий жамоат жойларида жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш мақсадида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари билан биргаликда қўшма патруллик гуруҳларида вазифаларни бажаришга жалб этиладилар.

2019 йилнинг 1 июнь куни юқоридаги ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари очилишига бағишланган тантанали тадбирда Хоразм вилояти Ҳокими, вилоят ИИБ бошлиғи, вилоят прокурори, шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондони ва бир гуруҳ ички ишлар органлари фахрийлари иштирок этдилар.

Тадбир меҳмонлари ўқув-курслари биносида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй