ҚОДИР КУЛОЛНИНГ АЙЁРЛИГИ

admin | 15-06-2019 | 1289

                          ҚОДИР КУЛОЛНИНГ АЙЁРЛИГИ

 

Кунларнинг бирида Қодир кулолнинг хонадонида ўғирлик жинояти содир бўлди. Ёлғиз яшовчи хонадон соҳибининг кўзлари ожизлигидан фойдаланган тунги талончилар унинг уйидаги гиламини ҳамда жамғариб қўйган пулларини ўғирлаб кетишди.

Жиноятни фош этишга киришган изқуварлар туман марказида яшовчи Собир қассобга кимдир арзон нархда гилам сотиб кетганидан хабар топишди ва зудлик билан ўша хонадонга ташриф буюришди. Арзон молнинг хайри бўлмас, деганларидек, ўғирлик гиламни сотиб олган Собир қассоб қилмишидан афсусланганича изқуварларга “сотувчи”нинг юз тузилиши ҳамда ташқи қиёфасини бир бошдан таърифлаб берди. Шундан сўнг тезкор гуруҳ ходимлари гиламни жабрланувчига олиб бориб кўрсатишди. Ўғирланган молнинг у ёқ, бу ёғини қўллари билан пайпаслаб кўрган Қодир кулол “Бу гилам аниқ меники,”деди.

-Буни қандай исботлайсиз?-қизиқиб сўради изқуварлардан бири.

-Гиламнинг бир бурчагига билинар-билинмас мато қийқимини тикиб қўйгандим. Мана ўша мато бўлакчаси,-дея гилам бурчагини кўрсатди Қодир кулол.-Ҳа, айтмоқчи, уйдан ўғирланган пулларнинг ҳам бир чеккасини буклаб қўйгандим. Балки ўша пуллар ҳам ўғрилардан топилиб қолар.

Тергов-тезкор гуруҳи ходимлари шу заҳотиёқ муқаддам бир неча бор судланган С. Отабой ҳамда унинг жиноий шерикларини қўлга олишга киришишди. Гумондорларнинг қўним топиши мумкин бўлган барча жойлар кўздан кечирилди. Аммо улар бу ерларда  йўқ эди. Эртаси куни тонгда улар Отабойнинг уйига кириб кетишгани ҳақида тезкор хабар олинди. Изқуварлар зудлик билан ўша хонадонга етиб келишди. Афсуски гумонланувчи кимсалар яна изсиз ғойиб бўлишганди. Хонадон соҳибаси эса турмуш ўртоғини бир ҳафтадан буён кўрмаганлигини айтиб, роса зорланди. Аммо аёлнинг безовта нигоҳи изқуварларда шубҳа уйғотди. Шу боис улар хонадон соҳибаси билан суҳбатни узоқ давом эттиришди. Бир пайт ертўладан кимнингдир аксирган товуши эшитилди. Изқуварлар тезда ертўлага тушишди ва содир этилган ўғирлик жиноятида гумонланаётган кимсаларни қўлга олишди. Отабойнинг уйи холислар иштирокида тинтув қилинганида у ердан пул ҳамда кўплаб қимматбаҳо буюмлар топилди. Улар орасида Қодир кулолнинг бир чеккаси букланган пуллари ҳам бор эди. Ўғирланган молларни ўзаро тақсимлаб олиш учун бу ерга келишган тунги талончилар режаси амалга ошмаганидан афсусланишди ва қилмишини тан олишди.

                                                                   Худойберган ЖАББОРОВ,

                                  “Постда”  газетаси мухбири.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй