ФОЛБИННИНГ СИРИ ОЧИЛДИ

admin | 02-07-2019 | 870

                                             ФОЛБИННИНГ СИРИ ОЧИЛДИ

 

    Кунларнинг бирида Бозорбой аканинг тўйга боқаётган семизгина ҳўкизи ғойиб бўлди. Кун бўйи қишлоқма-қишлоқ сарсон бўлган Бозорбой ака ҳўкизини тополмади. Шунда оғайниларидан бири қўшни тумандаги Боғишамол қишлоғида истиқомат қилувчи “капкирчи” фолбинга учрашишни маслаҳат берди. Бозорбой ака дарҳол таксига ўтириб, унинг уйига келди.

    -Бугун дам олиш куни,-деди хонанинг тўрида ён бошлаб ётган фолбин.- Одам жуда кўп келди. Барчасини эртага келинглар, деб қайтариб юбордим. Сизга ҳам шу гап!

    Бозорбой ака қандай бўлмасин фолбиннинг кўнглини топишга ҳаракат қилди.

    -Жо-о-н домла, Боғишамолдан келгандим…

    -Нима бўлибди!-Бозорбой аканинг гапини бўлди фолбин.-Қўшни вилоятлардан келаётганлар бор!

     Бозорбой ака фолбиннинг қўпол муомаласидан таъби хира бўлиб, ўрнидан турди. Фолбин эса уни кўз остидан кузата бошлади. Буни сезган Бозорбой ака остонада тўхтаб, орқасига ўгирилди.

    -Домла, йўқ деманг, мана шуни сизга атаб олиб келгандим,-дея эллик минг сўм пулни фолбиннинг чўнтагига солиб қўйди.

    Фолбин пулни кўриб сал юмшади.

    -Ҳўкизингизни ўғирлашибди, шундайми?

    Бу гапни эшитган Бозорбой ака шошиб қолди. Буни сезган фолбин пулнинг у ёқ, бу ёғини  айлантириб, гапида давом этди.

    -Эртага келинг, ҳўкизингизнинг тақдири қандай бўлганини айтиб бераман.

    -Топиладими ўзи?-шошилганча сўради Бозорбой ака.

    -Энди 300 кило тош босадиган ҳўкизга бераётган хайр-эҳсонингиз камроқ-да,- кулимсираганча пичинг қилди фолбин.

    Бозорбой ака костюмининг чап чўнтагидан яна йигирма минг сўм пулни олиб фолбиннинг олдига суриб қўйди.

    -Қўймадингиз, қўймадингиз-да,-деди фолбин ёнидаги оқ матога ўралган капкирини қўлига оларкан.- Майли бир уриниб кўрай!

     У шундай дея капкирни ёнаётган газ плита устига қўйди ва бир неча дақиқа қиздирди. Сўнгра чўғ бўлиб қизиган капкирни тилига босиб, нималардир дея пичирлади.

    -Ҳўкизингиз тирик,-деди фолбин ҳайратдан қотиб қолган Бозорбойни кўз остидан кузатаркан.- Суюнчисини берсангиз, унинг қаердалигини айтаман.

   Бозорбой ака шимининг чўнтагидаги ўттиз минг сўмни ҳам фолбинга берди. У пулга қараганча индамай ўтираверди. Бозорбой ака “берган пулимни фолбин оз кўрди”, деган ҳаёлда майда пулларни ҳам дасдурхонга тўкди. Шундан сўнггина фолбин тилга кирди.

   -Боғишамолга бораверишдаги асфальт йўлнинг чап томонида эски дала шийпони бор. Ҳўкизингиз ўша ерда боғлиқ турибди. Бирор соатдан кейин ўғрилар уни олиб кетишлари мумкин.

    Бозорбой ака шошилганча таксига ўтириб, айтилган жойдаги дала шийпонига етиб келди. Ҳўкиз шийпон орқасидаги толга боғланганча кавш қайтариб турарди. Шу-шу фолбиннинг донғи етти иқлимга овоза бўлиб кетди.

    Кўп ўтмай Қодир ака ҳам сигиридан айрилиб қолди. Эртасига эса Улуғбекнинг тўрт бош қўйи, Шарифбойнинг мотоцикли, Ботирнинг ҳўкизи, Султонбойнинг яп-янги велосипеди ғойиб бўлди. Улар ҳам зудлик билан фолбиннинг ҳузурига ошиқишди. Нажот излаб борганларнинг баъзилари моли топилганидан суюниб, бошқалари эса бор-будидан айрилиб қайтишди.

    Фолбиндан умидини узган Ботир, Султонбой ва Қодир ака ички ишлар бўлимига бориб, воқеани бир бошдан баён қилиб беришди. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида калаванинг учи топилгандай бўлди. Ички ишлар бўлимига олиб келинган капкирчи фолбин билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг барчаси аён бўлди. Содда кишиларнинг мол-мулкини ўғирлаб, суюнчи эвазига “топиб” бераётган бу  фолбиннинг ўзи ўғри бўлиб чиқди.

 

                                                                                Худойберган ЖАББОРОВ.

                                                                               “Постда” газетаси мухбири


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй