ТЎРГА ИЛИНГАН ЎҒРИ

admin | 02-07-2019 | 2611

ТЎРГА ИЛИНГАН ЎҒРИ

 

Ёз жазирамасида кўп қаватли уйда яшашнинг ўзи бўлмайди. Иссиқнинг тафтидан алламаҳалгача ухлолмай телевизор томоша қилиб ўтирдим. Кўрсатувлар тамом бўлгач, зерикканимдан туннинг майин шабадасидан баҳраманд бўлиш мақсадида пастга тушдим. Ҳамма ширин уйқуда. Бир маҳал чекка подъезддан кимдир у ёқ-бу ёққа аланглаганча эҳтиёткорлик билан чиқди-ю, қўлидаги қопни ўт-ўланлар орасига яшириб, яна ичкарига кириб кетди. Ярим тунда қоп орқалаётган бу кимсанинг кимлигига қизиқиб қолдим. Тезда ўрнимдан туриб, яширилган қопнинг ёнига келдим-да, унга қўл солдим. Қопда бир неча электр ҳисоблагичлар бор эди. Бу тунги меҳмон ҳақида кўп эшитгандим. Ҳатто қўшни маҳалладагилар уни ушлаш учун бир неча ой навбатчилик ҳам қилишганди. Аммо у тутқич бермаганди. Қулай фурсат келди-ю, лекин уни қандай қўлга олишим мумкин? Ёлғиз ўзим бу ишнинг уддасидан чиқишим қийин. Қўни-қўшниларни ёрдамга чақирай десам,  у жуфтакни ростлаб қолади. Шу пайт ўғри юқори қаватдан пастга туша бошлади. Дарров дарахт панасига яшириндим. У яна иккита электр ҳисоблагични қопга жойлади-да, навбатдаги подъездга кириб кетди. Ўт-ўланлар орасидаги “ўлжа”ни бир чеккага яширдим-да, ўзимни панага олдим. Қарасам, ёнгинамдаги ипда балиқ овидан қайтган қўшнимнинг тўри осиғлиқ турарди. Уни қўлимга олиб, тунги “меҳмон”ни кута бошладим. Ўғри пастга тушди-ю, ўт-ўланлар орасидаги “ўлжа”сини қидира бошлади. Мен вақтни бой бермай унинг устига тўрни ташладим. Саросимага тушган ўғри типирчилаганча тўрга ўралиб қолди. Дарҳол қўшниларни уйғотиб, тўрга илинган ўғрини ички ишлар органлари таянч пунктига олиб бордик. У айбига иқрор бўлишдан бошқа чора тополмади.

 

                                                                          Худойберган  ЖАББОРОВ,

                                                                         “Постда” газетаси мухбири. 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй