Ҳамкорликдаги саъй ҳаракатлар жамиятда жиноятдан ҳоли муҳит яратишга қаратилган

admin | 17-07-2019 | 2207

  Ҳамкорликдаги саъй ҳаракатлар жамиятда жиноятдан ҳоли муҳит яратишга қаратилган

Бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурурни шакллантириш, ёшларни жисмонан етук, мард ва жасур шахслар сифатида камол топтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги ПҚ-4375-сон қарори бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу қарор асосида, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилиши белгиланди.

Ташриф давомида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида жойлашган Ички ишлар вазирлиги таркибидаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейини капитал таъмирлаш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар билан танишилди. Бинонинг умумий қиёфасини яратишда маҳаллий иқлим шароитларини ҳисобга олиш ҳамда миллийлик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратишлозимлиги таъкидланди.

Саф майдонига Соҳибқирон Амир Темур бюстини ўрнатиш, замонавий ахборот-ресурс маркази ва кутубхона ташкил қилиш,зарурий адабиётлар билан бойитиш,ўқувчилар томонидан мунтазам равишда бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларни ўқиш тизимини ишлаб чиқиш, шунингдек, ўқувчиларда мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва бошқа санъат турларига қизиқишни ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Ўқувчиларга таълим олиш ва яшаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш зарурлиги таъкидланиб, бу борада масъулларга аниқ вазифалар топширилди.

Таълим муассасаси ҳудудида автотранспорт воситаларини амалий бошқаришни ўрганиш бўйича ўқув тренажёр хонаси ва автодром майдончаси шунингдек, таълим олувчиларнинг хизмат итларига бўлган меҳр ва қизиқишини ошириш мақсадида хизмат итлари билан ишлаш майдончаларини ташкил этиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, лицейга ажратилган мавжуд штат бирликларинитанлов асосида тажрибали, илмий салоҳиятга эга бўлган ўқитувчилар ва тегишли мутахассислар билансифатли жамлаш ишларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, меҳмонлар Шимолий-ғарбий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда бўлиб, ихтисослаштирилган ўқув курсларининг бориши билан яқиндан танишиб, ходимлар билан суҳбатлашдилар.

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 декабрдаги фармойиши асосида жорий йилнинг январь ойидан бошлаб ҳамкорликдаги ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари ташкил этиб келинмоқда.

Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ИИВнинг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи соҳавий хизматлари ходимлари билан тўққизта ўқув йиғинлари ўтказилган.

Ўқув йиғинлари давомида ходимлар куннинг иккинчи ярмида Нукус шаҳар ҳудудида Шимолий-ғарбий ҳарбий округ ва Миллий гвардиянинг «Шимолий-ғарбий тактик гуруҳи» ҳарбий хизматчилари билан биргаликда жами 325 та йўналишда жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилиши йўлга қўйилган бўлиб, ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида 2019 йилнинг ўтган даври давомида ҳудудларда содир этилган жиноятларнинг 41 фоизга камайишига эришилган.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВда янги ташкил этилган вазиятлар маркази ҳам ташриф иштирокчиларида қизиқиш уйғотди. Мазкур марказдан туриб Нукус шаҳрининг майдон ва хиёбонлари, истироҳат боғлари, кўнгилочар масканлари, бозор ва бекатларга ўрнатилган 255 та видеокузатув камералари орқали кузатиш имкони яратилган. Шундан 10 та интеллектуал видеокузатув камералари орқали қидирувдаги жиноятчиларни таниб олиш мумкин бўлса, 40 та камера орқали автоуловларнинг давлат рақам белгиларини текшириш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганларини аниқлаш мумкин.

Бундан ташқари 10 та жойга ўрнатилган махсус алоқа воситалари орқали фуқаролар турли мурожаатлар бўйича тезкор навбатчи билан бевосита боғланиши йўлга қўйилган.        Бу эса, аввало фуқароларнинг мурожаатларига тезкорлик билан муносабат билдиришни таъминлаб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жиноят ёки ҳодиса ҳақидаги хабарлар юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширишни ҳам таъминлайди. Келгусида бу масканни янада кенгайтириш ва қўшимча видеокузатув мосламаларини ўрнатиш режалаштирилганлиги ташриф иштирокчилари эътиборига етказилди.

Ташриф иштирокчилари Миллий гвардия махсус батальонининг янги шаҳарчаси, Мудофаа ишлари бошқармасига қарашли мутахассисларни тайёрлаш маркази, Бердақ номидаги кино-концерт зали, Нукус шаҳрида бунёд этилаётган Президент мактаби ҳамда Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация маркази ҳисобланган “Имкон” мактабгача таълим давлат муассасасига ҳам ташриф буюриб, ушбу масканлардаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар.

Хоразм вилоятига амалга оширилган ташриф ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари билан танишувдан бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ва Ички ишлар вазирига Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг қўшма қарори асосида жорий йилнинг 1 июнь кунидан эътиборан ташкил этилган ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларининг бориши юзасидан ахборот берилди.

Бугунги кунга қадар Хоразм вилояти ИИБнинг тегишли соҳавий хизматлари ходимлари билан иккита ўқув йиғини ўтказилган. Куннинг иккинчи ярмида ходимлар Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари билан қўшма режа асосида Урганч шаҳрида 20 та ва Хива шаҳрида 10 та йўналишда жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилмоқда.

Ўтган қисқа даврда мазкур ҳудудларда содир этилган жиноятларнинг 69 фоизга камайишига эришилган, олиб борилган ҳамкорликдаги ҳаракатлар натижасида Урганч ва Хива шаҳарларидаги мавжуд 59 та маҳаллалардан 42 тасида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган.

Ходимлар билан ўтказилган суҳбат жараёнида, ўқув курсларида ходимларнинг чет эл фуқаролари билан дастлабки мулоқотга киришиши учун инглиз тили мутахассисларини жалб этган ҳолда қўшимча машғулотлар ўтказиш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиш жараёнида айрим вақтларда суд органлари билан боғлиқ бўлган муаммолар юзага келаётганлиги сабабли, судяларини таклиф қилган ҳолда ўзаро фикр алмашишларни ташкил этиш бўйича таклифлар билдирди.

Вазир ходимлар томонидан билдирилган барча таклифларни атрофлича ўрганиб чиқиб, мақсадга мувофиқ деб топилганларини келгусида амалиётга жорий этиш юзасидан масъул ходимларга кўрсатмалар берди.

Ташриф давомида Миллий гвардия махсус батальонининг янги шаҳарчаси, Хоразм вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси мутахассисларни тайёрлаш марказида амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди.

Жамиятда жиноятдан ҳоли муҳит яратиш йўлида ҳамкорликда олиб борилаётган саъй ҳаракатлар келгусида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй