САЙЁР ҚАБУЛ ЖАРАЁНЛАРИ

admin | 28-07-2019 | 932

САЙЁР ҚАБУЛ ЖАРАЁНЛАРИ            

                              

   Айни кунда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Айниқса, ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш мақсадида жойларда учрашувлар, мулоқотлар, сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Бундай юз-юзма мулоқотларда фуқароларнинг қонуний талаблари, сўров ва таклифлари эътибор билан тингланиб, атрофлича таҳлил қилиняпти. Баъзи мурожаатлар эса ечимини топиш ваколатига эга бўлган давлат идораларига юборилмоқда ва уларнинг ижроси таъминланяпти. Бундай сайёр қабуллар барча вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан мамлакатимизнинг энг чекка худудларида ҳам самарали давом этмоқда.

  Жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник М.Ў.Жўраев худудларни комплекс ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотларнинг ҳаётга тадбиқ этилишини ўрганиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

   Вазир ўринбосари, полковник М.Ў.Жўраев Ҳазорасп тумани ҳокимлиги биносида Хоразм вилояти аҳолиси учун оммавий сайёр қабул ўтказди. Очиқ ва самимий мулоқотда ҳар бир фуқаронинг мурожаати эътибор билан тингланиб, ечимини топиш чоралари кўрилди.

   Сайёр қабулда фуқаролар аҳоли яшаш ҳудудларини тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлаш, ички хўжалик йўллари ҳамда кўприкларни таъмирлаш, турар жой бинолари қуриш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ер майдонлари ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш, тиббий хизматдан фойдаланишда имтиёзларга эга бўлиш каби кўпгина масалалар бўйича мурожаат қилишди.  

   Фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатлар мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, Боғот туманидаги Маданият қишлоғининг Ғалаба маҳалласида яшовчи Ҳамро Қазақова Туркманистон Республикасида туғилганлигини, 2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ололмаётгани бўйича мурожаат қилган.  

   Оммавий сайёр қабулда 158 нафар фуқаролар иштирок этиб, шундан 109 та мурожаат қабул қилинди. Шундан 2 таси ички ишлар органларига хизматга қайта тиклаш, 6 таси ички ишлар органлари билан боғлиқ, 2 таси соғлиқни сақлаш, 1 таси фуқароликка қабул қилиш, 50 таси моддий ёрдам сифатида маиший техникалар ҳамда чорва моллари ажратиш, 29 таси ногиронлик аравачасига муҳтож, 16 таси ишга жойлаштириш, 2 таси моддий бойлик ва пул олди-бердиси ҳамда 1 таси ички йўлларни таъмирлаш каби мурожаатлардир. Тегишли ташкилотларнинг етакчи мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилган мурожаатларнинг 97 таси жойида ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 11 та мурожаат кўриб чиқишлик учун тегишли ташкилотларга юборилди ва 1 нафар фуқарога тушунтириш берилди.

   Сайёр қабулда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 97 нафар фуқарога туман ва шаҳар ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилотлар ҳомийлигида ногиронлик аравачалари, маиший техникалар, чорва моллари ҳамда даволаниш масканларига бепул йўлланмалар берилди. Ўн олти нафар фуқарони ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.

   Сайёр қабулда фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларни қисқа муддатларда ҳал этиш бўйича мутасадди идоралар раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

   -Фуқаролар билан яқин мулоқотда бўлиш, уларнинг дардини тинглаш, муаммоларини ижобий ҳал этиш шу куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир,-дейди вилоят ИИБ Ташкилий бошқарма мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси бошлиғи, майор Ихтиёр Сададдинов.-Мамлакатимизда бу борада аниқ ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Буни фуқароларимиз томонидан билдирилаётган мурожаатлардан ҳам билиб олишимиз мумкин. Ушбу мурожаатларда турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар, муаммолар, таклиф ва истаклар билан бир қаторда оила-турмуш доирасидаги масалаларни ҳам учратишимиз мумкин. Барча мурожаатлар тажрибали мутахассислар иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилиб, ечимини топиш чоралари кўрилмоқда.

  Сайёр қабулда иштирок этган фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бепул нонушта, тушлик вақтида эса ош тарқатилди. Шунингдек, китоб ярмаркаси, фуқароларнинг ўз манзилларига бепул етиб олишлари учун қўшимча автомашиналар ажратилди.   

  Жойларда ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар фуқароларни қийнаётган муаммоларнинг ижобий ечим топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

                                                                                  Зокир ИСМОИЛОВ,

                                                                                        Подполковник.

                                                                               Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                            Журналист. 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй