Расмий муносабат:

admin | 07-08-2019 | 363

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда 2019 йил 4 август куни “Пардага рухсат йўқми?” номли сарлавҳа остида эълон қилинган видео тасвир юзасидан

2019 йил 4 август куни турли ижтимоий тармоқларда “Пардага рухсат йўқми?” номли сарлавҳа остида эълон қилинган видео тасвир Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.

Видеотасвирда ЙПХ инспектори енгил автомашинасининг орқа ён томон ойналарига ўзбошимчалик билан парда ўрнатиб ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига жойлаштирмоқчи эканлиги, ҳайдовчи эса парда ўрнатишга рухсат берилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинганлигини айтиб, ЙПХ инспекторини қонунга риоя қилмасликда айблаб жараённи  видео тасвирга олганлиги қайд этилган.

Аниқланишича, Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори сафдор Д.Машарипов 2019 йил 4 август куни соат 10:40ларда Хонқа тумани ҳудудидан ўтган 4Р159 автомобиль йўлида хизмат олиб бораётганида 90 F 096 LA давлат рақам белгили “Ласетти” русумли автомашинани тўхтатган. Бунга сабаб, ҳайдовчи автомашинанинг орқа ён томон эшикларидаги ойналарга ўзбошимчалик билан парда ўрнатган ҳолда бошқараётган бўлган.

ЙПХ инспектори томонидан ҳайдовчига қоидабузарлигини тушунтириб,  белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.  

Шундан кейин ЙПХ инспектори автомашинани жарима майдонига олиб бормоқчи бўлганида, ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг ҳатти-ҳаракатлари нотўғри эканлиги, парда ўрнатишга рухсат берилганлиги тўғрисида янги қарор қабул қилинганлигини баён қилиб, уяли телефон аппарати ёрдамида видео тасвирга олишни бошлаган.

Чунончи, ҳайдовчи томонидан асос қилиб келтирилган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги 646-сонли Қарорига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори  билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидалари 3-иловасининг 7.4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“7.4. Барча турдаги транспорт воситалари олд, ён ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70% дан кам бўлса, автомобиль томидаги люк ойнаси, шунингдек, ички ишлар органларининг рухсатномаси асосида туси ўзгартирилган (қорайтирилган) автотранспорт воситаларининг ойналари бундан мустасно.

Изоҳ. III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларининг орқа ва ён ойналарига пардалар, икки ёнга орқа томонни кўриш учун ташқи кўзгуси мавжуд бўлган барча тоифадаги автотранспорт воситалари орқа ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга), шунингдек, ушбу орқа ойналарга парда (чий парда, дарпарда) ўрнатишга рухсат берилади”.

 

Юқоридагилардан келиб чиқилса Хоразм вилояти ИИБ ЙПХ инспекторининг хатти-ҳаракатларида қонунга зид ҳолатлар мавжуд эмас.

Ҳайдовчи парда ўрнатган ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги тўғрисида маъмурий баённоманинг тегишли қисмида ёзма равишда қайд қилиб, имзо чеккан.

   Хоразм вилоят ИИБ ЙҲХБ


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй