Расмий муносабат:

admin | 14-08-2019 | 373

Расмий муносабат: 2019 йилнинг 13 август куни соат 17:00да www.facebook.com ижтимоий тармоғи орқали “Shabnam Ollоshkurova” саҳифасида тўғридан-тўғри тармоқ фойдаланувчиларига тарқатилган видео тасвир юзасидан

2019 йилнинг 13 август куни соат 17:00да www.facebook.com ижтимоий тармоғида “Shabnam Ollоshkurova” саҳифаси эгаси тармоқдаги дўстлари сафига қўшилган фойдаланувчилар эътиборига тўғридан-тўғри видео алоқага чиққан.

Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан аниқланишича, ушбу саҳифа муаллифи, аслида 1987 йилда туғилган, Оллашкурова Нафосат Балтабаевна исмли аёл бўлиб, у Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувида бўлган, фуқаро М.Раджаповга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (контрабанда) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилаётган тергов жараёнига асоссиз аралашиб, дастлабки терговнинг тўлақонли ва холисона ўтказилишига босим ўтказиш мақсадида 2019 йил 13 август куни Хоразм вилояти ИИБ маъмурий биноси олдига келиб, ўзини БЛОГЕР эканлигини билдириб, фуқаро Махмуд Раджабовга нисбатан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари билан танишмоқчи эканлигини айтган. Шундан кейин вилоят ИИБ назорат ўтказиш пунктидаги ходимнинг хабарига асосан етиб келган терговчи унинг аслида Оллашкурова Нафосат эканлигини билиб, у ҳам жиноят иши юзасидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниши кераклигини айтиб, ичкарига таклиф қилган. Н.Оллашкурова эса ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри видео алоқага чиқиб, ўзининг Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига олиб кирилаётганлигини баён қилган. Дарҳақиқат, фуқаро Нафосат Оллашкурова фуқаро Махмуд Раджабовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан сўроқ қилиниши лозим бўлган шахслар рўйхатига киритилган бўлиб, у доимий яшаш манзилида бўлмаганлиги сабабли, сўроқ жараёни амалга оширилмасдан келаётганди.

Шундан кейин Нафосат Оллашкурова Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш учун терговчи хонасига таклиф этилди. Сўроқ жараёни якунига кўра терговчи томонидан Нафосат Оллашкуровага тегишли бўлган уяли телефон аппарати жиноят иши юзасидан текшириб кўришлик учун белгиланган тартибда расмийлаштириб олиниши билдирилганида, Н.Оллашкурова уяли телефонини бермаслигини айтиб, терговчининг бу юзасидан қабул қилган қарорини бажарилишига тўсқинлик қилиб, уяли телефонини топширмаган, бундан ташқари бу жараённи ҳам тўғридан-тўғри видео алоқа орқали ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ёритган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Нафосат Оллашкурованинг уяли телефонини олиш зарурати, унинг мазкур жараённи ижтимоий тармоқларда ёритганлиги билан боғлиқ эмас, аксинча фуқаро Махмуд Раджабовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича текшириб кўрилиши лозим бўлган.

Бугунги кунда фуқаро Махмуд Раджабовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси талабларига қатъий риоя қилган ҳолда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй