ОСОЙИШТАЛИГИМИЗНИНГ ХУШЁР ПОСБОНЛАРИ

admin | 29-08-2019 | 1522

ОСОЙИШТАЛИГИМИЗНИНГ ХУШЁР ПОСБОНЛАРИ

        

   Урганч шаҳар марказий деҳқон бозори ҳар кунгидек бугун ҳам одамлар билан гавжум. Сотувчи-ю харидорлар кун жазирамасига қолмасдан харидини якунлаб уйларига қайтиш илинжида. Гурланлик Шоира Абдуллаева ҳам уй-рўзғор ташвиши билан бозорга кирди-ю, одамлар гавжум жойдан ўтишига тўғри келди. Шу пайт ён чўнтагидан бир нима олингандай бўлди. У дарҳол чўнтагига қўл солди. Ҳозиргина жойида бўлган яп-янги уяли алоқа телефони чўнтагида йўқ эди. У дарҳол ён-атрофига қаради. Аммо шубҳали ҳеч ким кўринмади. Шу пайт савдо расталари оралаб бораётган вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони сафдор ходимлари Расул Таганов ҳамда Равшан Рўзимовларга кўзи тушиб қолди ва дарҳол уларнинг ёнига келиб, “Samsung” русумли уяли алоқа телефонини ўғирлаб кетишганини айтди.

   Шоиранинг мурожаатидан хушёр тортган ППХ батальони ходимлари дарҳол бозор худудида хизмат вазифасини ўтаётган ҳамкасблари билан боғланишди ва воқеа тафсилотини тушунтира бошлашди. Шу пайт одамлар орасидан ён-атрофига аланглаганича бозорнинг шимол томонидаги чиқиш йўлаги томон шошиб бораётган шубҳали йигит уларнинг эътиборини тортди. Сафдор Расул Таганов ҳамкасбини ўша томонга юбориб, ўзи гумонланувчининг изига тушди. Ички ишлар ходимининг изма-из келаётганини кўрган йигит кутилмаганда бозор худудидаги панжарадан ошиб ўтиб қоча бошлади.

   -Назаримда бу аниқ ўша,-дея рация орқали ҳамкасбини огоҳлантирди сафдор Расул Таганов.-У “Халқ банки” биноси томонга қочаяпти. Агар кўп қаватли биноларга етиб олгудек бўлса, уни топиш анча мушкул бўлади.  

   -Кўрдим,-деди сафдор Равшан Рўзимов гумонланувчи қочаётган томонга шошиларкан.-Сен ҳам бўш келма. Мен албатта унга пешвоз чиқишга ҳаракат қиламан.

   Хуллас, кўп ўтмай ППХ батальони сафдор ходимлари Расул Таганов ҳамда Равшан Рўзимовлар жон-жаҳди билан қочиб бораётган шубҳали йигитни қўлга олишди. Бу кимса Урганч шаҳрида яшовчи А. Одилбек бўлиб, унинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида Шоиранинг нархи 1000000 сўмлик “Samsung” русумли уяли алоқа телефони борлиги маълум бўлди.

   Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходимлари ўзларига беркитилган худудларда жамоат тартибини сақлаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали ишларни амалга оширишяпти.

   -Жорий  йилнинг ўтган 7 ойи сарҳисобига назар ташлайдиган бўлсак, ходимларимиз томонидан назоратга олинган худудларда турли ҳуқуқбузарликлар содир қилган ҳамда шубҳа остига олинган 59148 нафар фуқаролар шахсини аниқлаш мақсадида шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларига олиб келинган,-дейди вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони командири, майор Рашид Султонов.-Шундан 6036 нафарига нисбатан профилактика инспекторлари ҳамда ЙПХ ходимлари билан ҳамкорликда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 505 нафари наркология диспансерига, 220 нафари эса шахсини аниқлаш мақсадида вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ реаблитация марказига жойлаштирилди. Шунингдек, ходимларимизнинг хушёрлиги туфайли содир этилган 8 та жиноят фош этилиб, қидирувда бўлган 7 нафар шахс қўлга олинди. Юртимиз тинчлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган бундай тадбирлар куну-тун давом этмоқда. 

   Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, содир этилаётган жиноятларни тезкорлик билан фош этишда замонавий техника воситалари муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, барча соҳавий хизматлар қатори ППХ батальони ходимлари ҳам энг сўнгги русумдаги транспорт воситалари ҳамда хизмат анжомлари билан таъминланган. Айни кунда ППХ батальони ходимларига хизматда фойдаланиш учун 22 та автопатруль машиналари, 8 та Скутер, 6 та Сигвей ҳамда 10 та велосипедлар ажратилган бўлиб, улардан самарали фойдаланилмоқда.

  Айни кунда барча соҳаларда бўлаётгани сингари ички ишлар органлари тизимида ҳам ислоҳотлар жараёнлари қизғин давом этмоқда. Бунда соҳага оид илғор ғоя ва ташаббусларни амалиётга кенг жорий этиш, инновацион технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнларда ППХ батальони шахсий таркиби ҳам фаол иштирок этиб, бир қатор янгиликларга қўл уришди. Анашундай янгиликлардан бири ППХ батальони қошида ташкил этилган велопатрул гуруҳи бўлиб, бу хизмат тури ходимлар учун анча қулай ва самарали натижалар бермоқда. Айниқса, шаҳар худудидаги кўп қаватли бинолар оралиғида шовқинсиз, турли йўлакчалардан тезкорлик билан ҳаракатланиш, худудни қисқа вақт оралиғида ишончли назорат қилиш имконияти яратилди. Бундан ташқари пиёда патруль гуруҳларининг бир қисми велопатрул гуруҳига ўтказилиши натижасида уларнинг хизмат худудлари янада кенгайтирилди.

   Патруль-пост хизмати логапити туширилган ушбу велосипедлар хизмат қуроллари ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам анжомлари билан таъминланган. Шунингдек, мана бир йилдирки ППХ батальони қошида “Эзгулик патрули” гуруҳи ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ушбу гуруҳ ходимлари зиммасига аҳоли гавжум жойларда, аэропорт ва темир йўл вакзаллари худудида жамоат тартибини сақлаш, вилоятга ташриф буюраётган фуқароларимизга, сайёҳларимизга кундалик режаларини амалга оширишлари учун зарур маслаҳатлар, тавсиялар ва маълумотлар бериш, уларнинг манзилларига соғ-омон етиб олишлари учун амалий ёрдамлашиш, тўсатдан бетобланиб қолган кишиларга биринчи тез тиббий ёрдами кўрсатиш ва яқинларини бу нохушликдан хабардор қилиш каби кўплаб муҳим вазифалар юклатилган. Одамларга эзгулик қилишга астойдил ҳаракат қилаётган ушбу гуруҳ ходимлари ўзининг ижобий фазилатлари, эзгу ишлари, амалий кўмаги билан вилоятга ташриф буюраётган меҳмонларда ижобий таассуротлар қолдирмоқда.

  Бундан ташқари Урганч ҳамда Хива шаҳарлари ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларининг барвақт олдини олиш мақсадида фуқаролар ҳамда чет эллик сайёҳлар кўплаб ташриф буюрадиган 8 та худудга “Патруль-пост хизмати маскани” ўрнатилиб, куну-тун хизмат фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, бу масканлар видеокузатув мосламалари билан таъминланган бўлиб, худудлар хавфсизлиги доимий равишда назорат қилиб борилмоқда.

   Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ППХ батальони маъмурий биноси ҳамда худудида кенг кўламдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ерда назорат ўтказиш пункти ва фуқароларни қабул қилиш хонаси, ўқув синфи, спорт ва тринажёр заллари, руҳий тикланиш хонаси, ётоқхона, ошхона ташкил этилган. Шунингдек, хизмат отлари ҳамда итлари учун қишги ва ёзги отхона ҳамда вольерлар, автомашиналар учун махсус гаражлар мавжуд. Яратиб берилаётган бундай шароитлар натижасида хизмат самарадорлиги ошиб, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилиши кескин камайишига эришилмоқда.        

   Юрт осойишталигини таъминлашда соҳавий хизмат ходимларининг касбий ҳамда жанговар маҳорати муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис, ходимларнинг билим ва маҳоратини оширишга, маънавиятини юксалтиришга, касбий кўникмасини шакллантиришга, жанговар шайлигини замон талаблари даражасига етказишга алоҳида эътибор берилмоқда. ИИВнинг меъёрий ҳужжатлари асосида ўтказилаётган кўрик танловлар, мусобақалар, ўқув ва амалий машғулотлар, маънавият ва маърифат дарслари, устоз-шогирд анъанаси, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларини ёш ходимларга ўргатиш каби кўплаб тадбирлар юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашдек эзгу мақсадларга йўналтирилган.

            

                                                                           Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                    Postda” мухбири.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй