САЙЁҲЛАРНИ МАФТУН ЭТАЁТГАН ЮРТ

admin | 29-08-2019 | 1481

САЙЁҲЛАРНИ МАФТУН ЭТАЁТГАН ЮРТ

 

  Туризм дунё мамлакатларида анча ривожланган соҳалардан биридир. Шу боис, мамлакатимизда ҳам бу соҳани янада юксалтиришга, ташриф буюраётган чет эл  ва маҳаллий туристлар учун қўшимча қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

 

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори бу соҳанинг тизимли равишда ўсишида муҳим аҳамият касб этди. Тарихий маданий мерос объектларига бой бўлган ҳудудларда, шу жумладан, Хоразм вилоятида ҳам туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди. Хизматга чет тилларида эркин сўзлаша оладиган, ёш шижоатли йигит-қизлар жалб қилинди ва уларни чет эл ва маҳаллий туристлар осон ажратиб олишлари учун хизмат кийимларига алоҳида махсус белгилар жорий қилинди. Хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ИИБ биносида, Хива шаҳридаги “Ичон қалъа” давлат музейи қўриқхонасида шунингдек, Урганч халқаро аэропорти ҳамда темирйўл вокзалларида бошқарма ходимларининг хизмат хоналари ташкил этилди.

  Туристлар хавфсизлигини таъминлашда инновацион техникалар, замонавий русумдаги транспорт воситалари ҳамда хизмат анжомларининг ўрни муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис, Хива шаҳридаги “Ичон қалъа” давлат музейи қўриқхонасида чет эл ва маҳаллий сайёҳлар учун 4 та, “Нуруллабой” мажмуасида 1 та ахборот шаҳобчалари фаолияти йўлга қўйилди. 

Шунингдек, туристларнинг мурожаатларини инобатга олган ҳолда “Ичон-қалъа” давлат музей қўриқхонаси худудида туристларнинг буюмларини вақтинчалик сақлаб туришга мўлжалланган 20 та жавондан иборат бўлган 1 та шаҳобча ўрнатилди. Ушбу шаҳобчаларда хизмат олиб бораётган ходимлар куннинг исталган вақтида туристларнинг мурожаатларини қабул қилиб, ўрнатилган тартибда ҳал қилиб беришмоқда.

  Туризм объектлари ва инфратузилмаси худудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига хизматда фойдаланиш учун 10 та скутер ҳамда 3 та “NEXIA” русумли енгил автомашиналар ажратилди. Мазкур техника воситалари ходимларнинг узоқ масофаларга тезкорлик билан етиб бориш ҳамда сайёҳларнинг муаммоларини ижобий хал этишда қўл келмоқда. Хуллас, хизмат ходимлари туризм намойиши ҳамда инфратузилмаси объекти худудларида чет эл ва маҳаллий туристлар ҳаёти, соғлиги ва мол-мулки даҳлсизлигини таъминлаш, уларнинг тарихий обидаларни бехавотир томоша қилишлари учун барча хавфсизлик чораларини кўришяпти.   

  -Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги “Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида хорижий тажрибани ўрганиш юзасидан чет давлатларга хизмат сафарлари уюштириш масаласи ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган,-дейди вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи, полковник Муҳаммаджон Отабоев.-Шу боис, ҳозирги кунда мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадида ходимларни чет давлатларга хизмат сафарларига юбориш бўйича графиклар ишлаб чиқилмоқда. Илғор чет эл тажрибаларини ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ этиш хизмат самарадорлигининг ошишида муҳим аҳамият касб этади.  

  Ҳукуматимиз томонидан Хоразм ва Хива шаҳрининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Хива йўналиши бўйича асосий туризм марказларини боғловчи темир йўл тармоғини шакллантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди ва Хива шаҳрида замонавий темир йўл вокзали ишга туширилди. Шунингдек, Хива шаҳрига хорижий туристларни жалб қилиш мақсадида европа, осиё ва МДҲ мамлакатлари ҳамда Италия, Франция ҳамда европанинг бошқа давлатларидан мунтазам равишда авиақатновлар йўлга қўйилди.

   Туристларнинг самарали саёҳатини ташкил этиш ҳамда маданий хордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида Хива туманида экзотик туризмнинг янги турларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бугунги кунда “Эшон Ровот Тур” хусусий корхонасига қарашли экотуризм масканида сайёҳларнинг туяда сайр қилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, “Хива Қоракўл” фермер хўжалигидаги кўлларда балиқ овлаш, “Gold tur” масъулияти чекланган жамият томонидан 4 хил кўринишдаги сувенир тангалар ишлаб чиқариш, Хива шаҳрининг “Ичон қалъа” мажмуасида 58 нафар ҳунармандлар томонидан эсдалик совғалар ишлаб чиқариш ва сотиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур эсдалик совғалари интернет тармоқларида, жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий сайти саҳифаларида ҳам тарғиб қилиняпти.

   Урганч туманидаги “Ғойбу” қишлоғининг “Туркманлар” маҳалласида ўн еттинчи асрда бунёд этилган “Ола уйлик туркманларининг “Улли ҳовли” қўрғони тарихий ёдгорлик сифатида қайта тикланди. Бу ерга ўша давр ҳаётини акс эттирувчи турли тарихий экспонатлар олиб келинди. Айни кунда бу қўҳна ва қадимий қадамжо чет эллик сайёҳларда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис, бу ерда 150 нафар кишига хизмат қилувчи ошхона ҳамда меҳмонхона бинолари миллий меъморчилик услубида бунёд этилди.

   Вилоятнинг туризм салоҳиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш мақсадида воҳага Испания, Россия, Япония, Туркия, Жанубий Корея каби кўпгина мамлакатлар журналистларининг ташрифи уюштирилди ва туркум мақолалар ва кўрсатувлар намойиш этилди. Шунингдек, вилоятнинг туризм салоҳияти тўла акс этган видеороликлар тайёрланиб, инглиз, француз, немис, хитой ва рус тилларида эфирга узатилмоқда, оммабоп ижтимоий тармоқлар ва бутунжаҳон интернет тизимига жойлаштириляпти. Бу тарғибот тадбирлари айни пайтда ҳам тизимли равишда давом этаётир. 

   Хорижий мамлакатларда ўтказилаётган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда Хоразм вилоятининг ҳунарманд ва усталари, туризм ташкилотлари ҳамда меҳмонхоналар раҳбарлари ҳам фаол иштирок этиб, ўз маҳсулотларини намойиш этишмоқда. Шунингдек, вилоят худудида бу йўналиш бўйича кўплаб илмий-амалий конференциялар, турли сайллар, фестиваллар, байрам кечалари ўтказиляпти ва бу тадбирларда чет мамлакатлар сайёҳларининг иштироки таъминланмоқда.

   Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Очиқ осмон остидаги музей” деб ном олган “Ичон қальа” давлат музейи қўриқхонаси ҳамда вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш учун 263 307 нафар сайёҳлар ташриф буюрди. Шундан 187 381 нафари маҳаллий, 75 926 нафари эса чет эл фуқароларидир. Вилоят худудида кунига 3998 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга бўлган 105 та меҳмонхоналар мунтазам фаолият кўрсатмоқда. Замон талабларига мос ҳолда бунёд этилган ушбу меҳмонхоналарда туристларнинг саёҳат давомида дам олиши ва мазмунли хордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Меҳмонхона ходимлари сайёҳларни вилоятга ташрифи давомида билиши лозим бўлган барча маълумотлар билан мунтазам таништириб боришмоқда.

   Вилоятда чет эл фуқаролари учун хавфсиз муҳитни ҳамда қулайликларни яратиш мақсадида “Хавфсиз туризм” концепцияси доирасида қатор ташкилий-амалий тадбирлар белгилаб олинган. Хизмат ходимлари юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг амалдаги қонун-қоидаларга риоя этишини назорат қилиш ҳамда бой таассуротлар билан ўз юртларига қайтишлари учун барча зарур чораларни кўришяпти.   

 

                                                                            Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                    “Postda” мухбири. 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй