Бошқарма бошлиғи мактаб ўқувчилари билан учрашди

admin | 04-09-2019 | 1569

Бошқарма бошлиғи мактаб ўқувчилари билан учрашди 

 

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Билимлар куни” байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Ёш авлодда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, уларни юксак марралар сари чорлаш мақсадида жорий ўқув йилида Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов Боғот туманидаги 36-сонли ва 1-сонли умумтаълим мактабларига ташриф буюрди.

Тантанали тадбирда иштирок этган генерал-майор Д.А.Назармухамедов ҳар иккала мактаб жамоасига ҳам замонавий телевизор ва китоблар жамланмасини топширди.

Шундан кейин мактабга илк қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларига Давлатимиз раҳбарининг совғаси бўлган ўқув қуроллари тантанали равишда топширилди.

Тумандаги 36-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчилари учун генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов томонидан ўтилган “Мустақиллик дарси” ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

Самимийлик ва ўзаро савол-жавоб тарзида олиб борилган дарс жараёнида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.

Хоразм вилояти ИИБ ва вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида 1-сонли умумтаълим мактабида йўл ҳаракати қоидаларини ўқитишга мўлжалланган махсус жихозланган синф хонаси жорий ўқув йилидан бошлаб фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда вилоятдаги ҳар бир шаҳар ва туманларда камида биттадан умумтаълим мактабларида намунавий тарзда ташкил этилган бу каби синф хоналарида берилган таълим ва тушунчалар болаларда ёшликдан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш маданиятини шакллантириши шубҳасиз.

Мазкур синф хонасининг жихозланиши ва у ерда ўқувчиларга таълим бериши жараёни билан яқиндан танишган генерал-майор Д.А.Назармухамедов  бу борада зарур тавсия ва топшириқларини берди.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй