Қонунчиликдаги янгиликлар билан танишинг

admin | 05-09-2019 | 148

Қонунчиликдаги янгиликлар билан танишинг 

2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ЎРҚ–562-сон Қонуни қабул қилинди.

 

   Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркакларга давлат томонидан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатланади, уларни жинси бўйича камситишга йўл қўйилмайди.

  Бунда:

  - бола туғиш ва кўкрак сути билан озиқлантириш;

  - муддатли ҳарбий хизматга фақат эркакларни чақириш;

  - ушбу Қонун асосида гендер сиёсати амалга оширилишида вақтинчалик махсус чоралар кўриш;

  - хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатини муҳофаза қилишда уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш хусусиятлари;

 - мажбуриятлар фақат муайян жинсдаги шахслар томонидан бажарилиши мумкинлигига асосланган ҳолда касбий малакага доир тавсиялар бериш;

  - қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартибида фарқларни белгилаш кабилар жинси бўйича камситиш ҳисобланмайди.

  Эндиликда қонун ҳужжатларидаги жинс бўйича камситилишига йўл қўядиган нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ушбу ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилади.

  Давлат хизматида гендер тенгликни таъминлаш учун бир жинсдаги ходимлар учун лавозимлар вақтинчалик квоталаниши мумкин. Бунда квоталаш хотин-қизлар ва эркаклар вакиллигининг мутаносиблигига эришилганда бекор қилиниши мумкин.

   Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия томонидан амалга оширилади.

   Қонунга кўра агар шахс ўзини жинси бўйича камситишга дучор этилган деб ҳисобласа судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жинси бўйича камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмайди.

   Давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди.

   Шунингдек, хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлайди.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй