ХОДИМЛАР ХИЗМАТИДАН БАРЧА МАМНУН

admin | 12-09-2019 | 99

ХОДИМЛАР ХИЗМАТИДАН БАРЧА МАМНУН

  Эски намунадаги фуқаролик паспортини халқаро талабларга мос келувчи биометрик паспортга алмаштириш жараёнлари якуний босқичга кирди. Шу боис, жойлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ва бўлинмаларида хизмат жараёнлари ҳар йилгидан-да қизғин давом этмоқда.

 

     Боғот тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси ходимлари ҳам фуқароларни биометрик паспорт билан таъминлашдек муҳим вазифага алоҳида масъулият билан ёндошишмоқда. Бўлинмада ходимларнинг самарали хизмат қилишлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Жорий йилда бўлинма биноси тўла таъмирдан чиқарилди ва зарур мебель жиҳозлари ҳамда замонавий компьютер техникалари, алоқа воситалари билан таъминланди. Айниқса, фуқароларни қабул қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, биометрик маълумотларни йиғиш, ҳужжатларни тарқатиш хоналари ҳамда кутиш залининг дид билан жиҳозланиши ва у ерда соҳага оид зарур маълумотларнинг жойлаштирилиши фуқароларни беҳад мумнун этмоқда.

     Шу йилнинг ўтган даври мобайнида бўлинма ходимлари профилактика инспекторлари, уларнинг ёрдамчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда туман худудидаги фуқароларнинг “Паспорт-виза” қоидаларига риоя этишини ўрганиб чиқишди. Ушбу профилактик тадбирлар давомида 750 нафар фуқароларнинг “Паспорт-виза қоидаларига амал қилмаганлиги аниқланди. Шундан 9 нафар кишининг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаганлиги, 741 нафар шахснинг ҳақиқий ҳисобланмаган паспорт ҳамда гувоҳномалар билан юрганлиги маълум бўлди. Белгиланган қонун талабларига риоя этмаган ушбу фуқароларга нисбатан маъмурий тартибда чоралар кўрилди.

   -Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 3278 нафардан зиёд фуқароларга биометрик паспортлар топширилди,-дейди туман ИИБ М ва ФРБ бошлиғи, капитан Азизбек Ўринов.-Эски намунадаги фуқаролик паспортига эга бўлган туман аҳолисининг барчаси халқаро талабларга мос келувчи биометрик паспорт билан тўла таъминланди, Айни кунда 16 ёшга тўлган ёшларимизга биометрик паспортларни тантанали равишда топширишга ҳаракат қилаяпмиз. Қолаверса, имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган ҳамда саломатлиги туфайли бўлинмамизга келолмаётган фуқароларнинг уйларига бориб, кўчма мобиль қурилма ёрдамида паспорт маълумотларини тўплаш жараёнларини амалга ошираяпмиз. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларга эса тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ёрдам кўрсатаяпмиз.

    -Соғлигим панд бериб, фуқаролик паспортимни алмаштириш мақсадида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига боролмадим,-дейди Боғот туманидаги “Наврўз” кўчасининг 34-уйида яшовчи Меҳрибон Мадаминова.-Аҳволимни уларга тушунтиргач, бўлинма ходимлари хонадонимизга келиб, биометрик паспортни расмийлаштириш жараёнларини шу ернинг ўзида амалга ошириб кетишди. Орадан бир ҳафта ўтгач эса фуқаролик паспортимни уйимга келтириб беришди. Бундай ғамхўрликдан жуда мамнун бўлдик.

  -Эътиборсизлик, қонун талабларини етарлича билмаслик инсонни турли қийинчиликларга рўпарў қилиб қўяди,-дейди бўлинма инспектори, катта сержант Малика Матниёзова.-Буни ушбу рақамлардан ҳам яққол билиб олишингиз мумкин. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хорижий мамлакатларга турли мақсадларда кетган фуқаролардан 80 нафари ватанга қайтиш гувоҳномаси билан етиб келишган. Улардан 66 нафари фуқаролик паспортини йўқотган, 11 нафари яроқсиз ҳолатга келтирган, 2 нафари эса белгиланган муддатига эътибор бермаган. Натижада фуқаролик паспортига бефарқ муносабатда бўлган ушбу фуқаролар ўзга юртларда анча қийинчиликка дуч келишган. Демак, ҳар биримиз фуқаролигимизни тасдиқловчи бу муҳим ҳужжатни авайлаб-асрамоғимиз, қонун талабларига қатъий риоя этмоғимиз лозим.     

   Хизмат ходимлари ёшларнинг ҳуқуқий билимини, дунёқарашини, фуқаролик паспортига бўлган муносабатини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Белгиланган режа асосида ўтказилаётган бундай тадбирларга ички ишлар органлари фахрийлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг етакчи мутахассислари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф қилиниб, улар ёшларимиз қалбида бу муҳим ҳужжатга бўлган ғурур ва ифтихор туйғусини янада юксалтиришга ҳаракат қилишяпти.

   Туман худудида амалга оширилаётган ҳамкорликдаги бундай тадбирлар натижасида халқ осойишталигини таъминлаш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишдек муҳим масалалар ҳам  ижобий ҳал этиляпти.

   ( Суратда: Боғот тумани ИИБ М ва ФРБ бошлиғи, капитан Азизбек Ўринов бўлим инспектори, катта сержант Малика Матниёзова билан хизмат пайтида.)

 

                                        подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими

Худойберган ЖАББОРОВ,  “Postda” мухбири.  


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй