ИБРАТЛИ УМР

admin | 16-09-2019 | 541

                                             ИБРАТЛИ УМР

 

   Доно халқимиз “Дарё сувини баҳор-инсон қадрини меҳнат оширади” деб бежиз айтишмаган. Орамизда ҳалол меҳнати, хайрли ва савоб ишлари билан элда эъзоз топаётган инсонлар жуда кўп. Улардан бири истеъфодаги старшина Ярашбой Хўжамуратовдир.

 

    Ўз умрини юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашга бахшида этаётган бу инсон яқинда 70 ёшга тўлди. Ўша куни Хоразм вилояти ИИБ фахрийлар кенгаши раисининг ўринбосари, истеъфодаги майор Комилжон Тожиев бошчилигида бир гуруҳ ички ишлар фахрийлари, бу табаррук инсоннинг яқинлари, ҳамкасблари, шогирдлари устоз хонадонига ташриф буюришди. Юзларидан нур ёғилиб турган отахон меҳмонларни илқ қарши олар экан, умри зое кетмаётганига шукрона айтди.

   -Умрни оқар дарё, деб бежизга айтишмаган,-дейди қахрамонимиз Ярашбой ака Хўжамуратов.-Бир зумда болалик, ўсмирлик, йигитлик даврларини ортда қолдириб, қутлуғ ёшга етиб қолибмиз. Шукрлар бўлсинки, кексаликнинг ҳам ўз гашни, ўз масъулияти бор. Биз кексаларга хос бўлган фазилатларимиз билан ёшларимизга ибрат бўлмоғимиз, тўғри йўл кўрсатмоғимиз, маслаҳатлар, насиҳатлар бермоғимиз керак. Уларни юртимизга муносиб фарзандлар, комил инсонлар, касби-корли ҳунармандлар қилиб тарбияламоғимиз лозим. Ана шундагина кексалик, нуронийлик бурчини адо этган бўламиз.

   Хизмат фаолиятини Боғот тумани ИИБ жамоат тартибини сақлаш гуруҳи инспектори лавозимида бошлаган сафдор Ярашбой Хўжамуратов устозлари подполковник Қадам Ўрозметов, майор Шарифбой Матназаровларнинг ўгитларига, насиҳатларига қулоқ тутди. Соҳага оид меъёрий ҳужжатларни қунт билан ўқиди ва хизмат интизомига қатъий риоя қилди. Ўзининг тиришқоқлиги, меҳатсеварлиги, хушмуомалалиги, касбига бўлган садоқати билан ҳамкасбларига ўрнак бўлди. У жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан бир қаторда содир этилган кўплаб жиноятларни фош этишда ҳам фаол иштирок эта бошлади.

   -Қахратон қиш ойи эди,-дея хизмат даврини хотирлайди Ярашбой ака Хўжамуратов.-Ҳамкасбим билан туман марказида тунги навбатчиликда эдик. Бир пайт бозор худудида ниманингдир бир неча бор “тақ”қиллаган товуши эшитилди. Дарҳол шеригимни марказий кўчада қолдириб, ўзим бозор томонга шошилдим. Узоқдан хўжалик моллари дўкони олдида кимнингдир шарпаси кўринди. Дарҳол дўкон ёнига бориб, атрофни кўздан кечириб чиқдим. Негадир ҳеч ким кўринмади. Дўкон эшигининг қулфи ҳам бузилмаган. Шу пайт дўкон рўпарасидаги ариқча ичидан кимдир отилиб чиқди-да, қоча бошлади. Бир зумда унга етиб олиб, “қочоқ”ни ерга қулатдим. Аммо у дарҳол ўрнидан туриб, қўлидаги пичоқ билан менга ташланди. Пайт пойлаб уни қуролсизлантирдим ва ички ишлар бўлимига олиб келдим. Ўз мақсадига эришолмаган бу кимса қатор ўғрилик жиноятларини содир қилиб, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган Қ. Темур бўлиб чиқди. Эртасига бўлим бошлиғи, подполковник Қадам Ўрозметов хизмат вазифамни бажаришдаги хушёрлигим учун миннатдорлик билдирди ва пул мукофоти билан тақдирлади.

  Қахрамонимизнинг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги фидойилигини ҳамкасблари ҳали-ҳануз фахр билан тилга олишади.

  Орадан ўн олти йил ўтгач, катта сержант Ярашбой Хўжамуратов хизмат фаолиятини Боғот тумани ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмасида давом эттирди. У бу вазифада ҳам самарали хизмат қилди ва қўриққа олинган масканларни ишончли муҳофаза қилишда ҳамкасбларига намуна бўлди.  

   Қахрамонимиз 22 йил ички ишлар органларида самарали хизмат қилди ва старшина унвонида истеъфога чиқди. Шундан сўнг у бир неча йил боғдорчилик фермер хўжалигига раҳбарлик қилди. Қўшни вилоятлардан олма, нок, шафтоли, ўрик, олхўри, анор каби энг сара мева дарахт ниҳолларини келтириб, боғ барпо этди. Қишлоқда узумчиликни ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.  

   -Ўз касбининг фидойилари доимо эл ардоғида бўлишган,-дейди Боғот тумани ИИБ фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Шарифбой Матназаров.-Ярашбой Хўжамуратов ҳам анашундай халқ ишончига сазовор бўлган бахтиёр инсонлардан бири. Унинг нафақага чиққанига 27 йилдан ошган бўлса-да, ҳамон маҳалланинг қувончу-ташвишлари билан бирга.

   Оилани муқаддас деб билган Ярашбой ака турмуш ўртоғи Олмажон опа билан 12 нафар фарзандни камолга етказишди. Айни кунда улар жамиятимизнинг турли соҳаларида сидқидилдан меҳнат қилишяпти.    

   Инсонларга меҳр-мурувват кўрсатсанг, ўзинг ҳам анашундай иззат- икромга сазовор бўласан, дейишади. Бугун 70 ёшини қаршилаётган  истеъфодаги старшина Ярашбой Хўжамуратов бу ҳикматнинг нақадар ҳақиқат эканлигига яна бир бор амин бўляпти. Фурсатдан фойдаланиб, биз ҳам бу фидойи инсонни табаррук ёшлари  билан самимий қутлаймиз.

                   

                                                                           подполковник Зокир Исмоилов, вилоят ИИБ ходими.

 Худойберган ЖАББОРОВ, “Postda” мухбири.

 

 

   Суратда: Истеъфодаги старшина Ярашбой Хўжамуратов невараси билан.

                                                                                 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй